Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ЎЗБЕКИСТОНДА ЯНГИ ДАВР ТИББИЁТИГА АСОС СОЛИНМОҚДА
https://telegra.ph/%D0%8EZBEKISTONDA-YANGI-DAVR-TIBBIYOTIGA-ASOS-SOLINMO%D2%9ADA-11-05
Айни пайтда дунё халқларини таҳликага солиб қўйган “COVID-19” инфекцияси коронавирус балоси бизга инсон саломатлиги, ҳаётини асраш учун ўзи ва яқинлари ҳаловатидан воз кечаётган, керак бўлса жонини таҳликага қўяётган оқ ҳалат соҳибларининг меҳнати нақадар улуғ эканини яна бир бор эслатиб қўйди.
Ҳайриятки, малакали шифокорларимизнинг жонбозлиги ва кейинги йилларда тиббиёт соҳаси ривожига берилган эътибор самараси ўлароқ, дунё мамлакатлари орасида пандемия даврини катта қийинчилик ва улкан ижтимоий-иқтисодий юқотишларсиз ўтказмоқдамиз.
2020 йилда ҳаётга татбиқ этилаётган янгиланишлар ҳам ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида олиб борилмоқда. Ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбасида нишонланадиган “Тиббиёт ходимлари куни” муносабати билан соҳада эришилган ютуқларни яна бир бор назардан ўтказдик.

Молиявий масалалар
Юқорида таъкидлаганимиздек, бу йил жаҳон миқёсида юзага келган коронавирус пандемияси ва иқтисодий инқироз, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида рўй берган табиий ва техноген офатлар давлат бюджетига катта зарар келтирди. Халқнинг иқтисодий қийинчиликларига сабаб бўлди. Аммо биз сабр-қаноат билан ушбу синовли кунларни енгиб ўтиш билан бирга мамлакатимиздаги ҳар бир соҳани янада тараққий эттиришга ҳам эришаётганимиз қувонарли.
Соғлиқни сақлаш тизимига жорий йил давлат бюджетидан жами 14,8 триллион сўм маблағ ажратилди. Давлат бюджетидан ажратилган маблағ 2020 йил ўтган йилга нисбатан 1,2 барорбар, 2018 йилга нисбатан 1,6 барорбар ўсди. Бу соғлиқни сақлаш соҳасига умумий давлат бюджети харажатларининг 12,2 фоизи ва ялпи ички маҳсулотнинг 2,3 фоизи сарфланганини билдиради. Шунингдек, инвестиция дастурига мувофиқ соғлиқни сақлаш объектларида қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш харажатларига 2,04 триллион сўм ажратилган.
Яқинда 2021 йилга мўлжалланган давлат бюджети параметрлари муҳокамасига бағишланган йиғилишда келгуси йилда соғлиқни сақлаш соҳасига қарийб 20 триллион сўм ажратилиши режалаштирилаётгани қайд этилди.
Шунингдек, илк бора онкогематология соҳасига қарийб 87,2 миллиард сўм ажратилмоқда. Шунингдек, тамаки савдосидан олинган акциз солиғининг 7 фоизи онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармасига ўтказиб берилади.

Бирламчи тиббий хизмат
Марказдан олис бўлган қишлоқ ҳудудлари аҳолиси учун сифатли тиббий хизматни яратишга алоҳида урғу берилмоқда. Ҳозирда соғлиғидан шикояти бўлган одамлар оддий тиббий текширувдан ўтиш ёки ихтисослашган шифокор маслаҳатини олиш учун 10-20, баъзан 50-60 километр йўл босиб туман, вилоят марказларига қатнайди. Уларнинг ушбу оғриқли муаммосини ҳал этиш учун чекка ҳудудларда ҚВП, ҚОПларни қуриш, борларини эса, керакли мутахассислар ва тиббий жиҳозлар билан таъминлаш зарур.
Бу борада 2020 йил тиббиётнинг бирламчи тизимини мақбуллаштириш ишлари натижасида 798 та қишлоқ оилавий поликлиникалари ташкил қилинди. Уларда ижтимоий дорихона ва куну-тун ишлайдиган тез тиббий ёрдам шоҳобчаси, аёллар маслаҳатхоналари, қизлар саломатлиги хоналари фаолияти йўлга қўйилди. 5 та йўналишдаги (акушер-гинеколог, хирург, стоматолог, терапевт, педиатр) тор соҳа мутахассислари ҳамда УТТ ва лаборатор текширувини йўлга қўйиш ҳисобига қишлоқ аҳолисига яшаш жойида малакали ихтисослашган амбулатор ёрдами кўрсатилмоқда. Ушбу йўналишдаги долзарб муаммоларни ҳал қилиш мақсадида “Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси” ташкил қилинди.
Биргина 2020 йил давомида Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станциясига 150 дона “Форд” русумли реанимацион тиббий аппаратлар билан жиҳозланган тез тиббий ёрдам автомашиналари харид қилинди. Натижада республика бўйича тез тиббий ёрдам автомашиналари сони 2514 тага етказилди, бу нормативга кўра 97,5 фоизни ташкил қилади. 231 та реанимобилларга 4,1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги зарур асбоб-ускуналар олиб берилди.

Хусусий тиббиёт
Бугунги кунда Ўзбекистонда хусусий тиббиёт муассасалар сони ҳам кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Бу тиббиёт соҳасида соғлом рақобатни юзага келтириб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада кўтарилиши, нархларнинг эса арзонлашишига замин яратади.
2020 йил 18 февралдаги “Хусусий тиббиёт ташкилотларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори билан эса, “Асака” банкига хусусий тиббиёт ташкилотларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ажратилди. Шунингдек, қарорга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Асака” АТБ билан биргаликда 2020 йилнинг 1 октябрига қадар халқаро молия институтлари билан хусусий тиббиёт ташкилотларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун яна 100 миллион АҚШ доллари миқдорида узоқ муддатли кредит линияларини жалб қилиш масаласини кўриб чиқди.
Булар эса, мамлакатимизда хусусий тиббиёт муассасаларнинг кўпайишига сабаб бўлди. 2020 йил 1 октябр ҳолатига кўра, бундай объектлар 5805 тани ташкил этмоқда. Шундан 4751 таси амбулатор ва 1054 таси стационар шароитда фаолият кўрсатмоқда. Республика бўйича 2020 йилда 403 та янги хусусий тиббиёт муассасалари ташкил этилди, 265 таси фаолиятини кенгайтирди.
Йил якунига қадар яна 160 та янги хусусий тиббиёт муассасалари ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
Алоҳида қайд этиш керакки, коронавирус пандемияси даврида хусусий тиббиёт ташкилотлари аҳолининг коронавирус инфекциясидан фориғ бўлишида жонбозлик кўрсатди.
Бугунги кунда 70 дан ортиқ хусусий тиббиёт ташкилотлари короновирус инфекцияси бўйича лаборатория хизматлари ва 25 дан ортиқ хусусий тиббиёт ташкилотлари диагностика ва даволаш билан шуғулланмоқдалар.
Хусусий тармоқни ривожлантиришда давлат хусусий шериклиги тизими энг самарадор усуллардан ҳисобланади. Шу боис ҳар бир соҳада давлат хусусий шериклиги асосида ташкил этилган объектлар сони йилдан йилга кўтарилиб бориляпти. Жорий йилда мамлакатимиздаги 331 та самарасиз фаолият юритаётган давлат тиббиёт муассасаларининг бўш бинолари ва ер участкалари рўйхати шакллантирилиб, бу ерларда давлат хусусий шериклиги лойиҳаларини амалга ошириш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Гемодиализ хизматлари бўйича лойиҳа концепцияси ишлаб чиқилиб, унинг биринчи босқичида тендер савдолари Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ҳудудларидаги 1100 нафар беморни қамраб олган ҳолда ўтказиш белгилаб олинди. Бунда хорижий инвесторлар томонидан 9,8 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция киритиш кўзда тутилган.
Ўтган даврда Давлат-хусусий шериклик асосида тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигига 30 та лойиҳалар келиб тушди ва уларнинг 7 таси бўйича қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилмоқда.

Ижтимоий кўмак
Халқимиз ўзининг меҳрибон ва бағрикенглиги билан бошқалардан ажралиб туради. Шундай экан, Ўзбекистон ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронлиги бўлган шахслар яшаши учун энг намунали ҳудудлардан бирига айланиши керак.
24,0 минг нафар ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда пенсионерларга “Мурувват” ва “Саховат” интернат уйларида стационар тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатилди, 22 та тиббий-ижтимоий муассасаларда жами 214,4 млрд. сўмлик қурилиш-реконструкция ишлари амалга оширилди. Кейинги йилларда олиб борилаётган ишларнинг самараси янада ортирилади.
2020 йилнинг I чорагида 100 ўринга мўлжалланган Сурхондарё вилоят ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш маркази, Қашқадарё вилоятида 75 ўринли кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун санатория янгидан ташкил этилди. 2021 йилда Бухоро ҳамда Хоразм вилоятларида ҳар бири 100 ўринли кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун санаторийлар ишга туширилиши режалаштирилган.
2022 йилгача янги 300 ўринли ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази қуриб, ишга туширилади, реабилитация марказларининг ногиронлиги бўлган шахсларнинг тиббий ижтимоий реабилитация чоралари билан қамраб олиш имкониятлари 2 мартага ортади ва ушбу кўрсаткич бир йилда 40 минг нафарга етади.

Ихтисослашган марказлар
Бундан бир неча йиллар олдин кўпгина ноёб, мураккаб операцияларни ўтказиш учун беморлар турли хорижий мамлакатларга боришига тўғри келарди. Кейинги йилларда ихтисослашган тиббиётни ривожлантириш йўлидаги ислоҳотлар натижасида бундай амалиётлар, эндиликда ўзимизда мувафаққиятли амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2017-2019 йилларда ўнлаб марказлар, хусусан, онкология, нейрохирургия, травматология ва ортопедия, аллергология, нефрология ва буйрак трансплантацияси, неврология, наркология, болалар хирургияси йўналишларида республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ташкил қилинди. Республика аҳолисига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатаётган тиббиёт марказларни сони 20 тага етказилди ва уларнинг ҳудудларда тегишли филиаллари фаолияти ҳам йўлга қўйилди.
Cўнгги йилларда йилларда Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий марказида 200 дан ортиқ буйрак, 6 та жигар, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида 90 та буйрак трансплантацияси операциялари ўтказилганлиги туфайли 300 нафарга яқин фуқароларимизнинг юқори технологик операциялар учун чет давлатлардаги клиникаларга чиқиши олди олинди ва 2 млн 100 минг АҚШ долларга тенг маблағ тежаб қолинди.

“COVID-19” инфекцияси
“COVID-19” инфекцияси дунё миқёсида яшин тезлигида тарқалиб бораётган бир пайтда мамлакатимизда ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар туфайли бу офатни оммалашишини нисбатан жиловлашга эришилди. Бунда жойларда қисқа муддатларда даволаш профлактика муассасалари, карантин зоналари ҳамда бутун дунёда мавжуд бўлмаган Ўзбекистон тажрибаси саралаш тақсимлаш марказлари ташкил этилгани муҳим ролъ ўйнади.
Коронавирус инфексиясига қарши курашиш чора-тадбирлари асосида қурилган шундай манзиллардан бири Тошкент вилояти Зангиота туманида барпо этилган юқумли касалликлар шифохонаси ҳисобланади. Муассаса 4 минг ўринга мўлжалланган.
Зангиота туманидаги махсус шифохона лойиҳасининг умумий қиймати 504 миллиард сўм бўлиб, 33 гектар майдондаги 2 та комплексдан иборат. Уни бунёд этишда юқумли касалликлар хусусияти ва замонавий тиббиёт талаблари тўлиқ инобатга олинган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, қисқа фурсатда тайёрланиши бундай марказларнинг сифатига салбий таъсир кўрсатмади. Хусусан, стационар жойларнинг ҳаммаси боксланган, ҳар бир хона автоном. Биридаги ҳаво бошқасига ўтмайди. Реанимация бўлимлари барча керакли тиббий жиҳозлар билан таъминланган.

Оналар ва болалар соғлигини сақлаш
Шунингдек, ушбу даврда паралелл равишда тиббиёт соҳаси ислоҳотлари, замонавий тиббий иншоотларни бунёд этиш ишлари ҳам изчил давом эттирилди. Репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ортириб, кўламини янада кенгайтириш мақсадида Чилонзор туманида қурилган Иккинчи перинатал маркази каби бир нечта тиббий марказлар бунёд этилди. Перинатал марказда илғор клиникалар тажрибаси асосида энг замонавий қулайликлар яратилган. Унинг биринчи қаватида кўп тармоқли поликлиника, юқори қаватларида беморлар хонаси ва умумий амалиёт хоналари, жумладан, чақалоқлар реанимация бўлими жойлашган. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 140 та беморни даволаш мумкин.
Шунингдек, пойтахтимизда замонавий тиббий технологиялар билан жиҳозланган Болалар миллий тиббиёт маркази қурилиб, ўз фаолиятини бошлади. Қиймати 130 миллион доллардан зиёд бўлган мазкур тиббиёт маркази Корея Республикаси иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик фонди (EDCF) иштирокида барпо этилди. Марказ таркибидаги поликлиника кунига 250 нафаргача бемор қабул қилиш имкониятига эга. Марказ магнит резонансли томография, мультиспирал компьютер томография, замонавий лаборатория ҳамда онкологик касалликларни бир неча йил олдин аниқлайдиган замонавий диагностика ускуналари билан жиҳозланган.

Бир сўз билан айтганда, кейинги йилларда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш йўлида бир қатор амалий чора тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Соҳада фаолият юритаётган 70 мингдан зиёд шифокорлар ва кўп сонли ўрта тиббиёт ходимларига зарурий шарт-шароитлар яратиш, меҳнатига яраша ҳақ тўлаш чоралари кўрилиб, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига эришилмоқда.
Ўзбек халқининг ҳам бошига тушган коронавирус каби балоларни тез ва осон енгиб ўтишида тиббиёт ходимларирининг ўрни катта. Тиббиёт ходимлари баҳамжиҳат бўлиб, имкониятларни тўлиқ ишга солиб меҳнат қилса, бундай балоларни бартараф этиши ҳамда “саломатлик посбони”, деган улуғ номга муносиб бўлиши, одамларнинг ишончи ва меҳрини қозониши шубҳасиз.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий телеграм канали — t.me/ssvuz
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими @ssvmatbuotkotibi
