Medical Express - Xalqaro tibbiy ixtisoslashtirilgan ilmiy va amaliy multimedia jurnali va assotsiatsiyasi

“СОҒЛИҚНИ САҚЛАШНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ НАФАҚАТ БУГУНГИ КУН, БАЛКИ КЕЛАЖАК УЧУН ҲАМ БЕБАҲО ИНВЕСТИЦИЯДИР” Соғлиқни сақлаш вазири Алишер ШАДМАНОВ билан суҳбат

4 836 просмотров
“СОҒЛИҚНИ САҚЛАШНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ НАФАҚАТ БУГУНГИ КУН, БАЛКИ КЕЛАЖАК УЧУН ҲАМ БЕБАҲО ИНВЕСТИЦИЯДИР” Соғлиқни сақлаш вазири Алишер ШАДМАНОВ билан суҳбат

— Сўнгги уч йил давомида бевосита Президентимизнинг сиёсий иродаси ва ташаббуси билан юртимизда улкан ўзгаришлар юз берди. Ушбу янгиланишлар жараёни соғлиқни сақлаш соҳасида қай даражада ўз ифодасини топмоқда?

— Дарҳақиқат, юртимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Тизим фаолиятини янада яхшилаш, аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий санитария, шошилинч ва тез тиббий ёрдам, ихтисослаштирилган хизматлар сифатини ошириш, арзон ва сифатли дори-дармон ва тиббий буюмлар билан таъминлаш, хусусий тиббиётни ривожлантириш бўйича бир қатор ижобий ишлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Бунда, аввало, ҳуқуқий асослар мустаҳкамланаётганини эътироф этиш жоиз. Хусусан, кейинги уч йил ичида мазкур йўналишда 150 дан зиёд меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Шу билан бирга, кўп  тармоқли, ихтисослашган, шунингдек, хусусий тиббиёт муассасаларини бунёд этиш, замонавий асбоб-ускуна ва технологиялар билан таъминлаш, билимли ва тажрибали мутахассисларни тайёрлаш каби масалаларга жиддий эътибор қаратилиб, соҳа тараққиётига салмоқли маблағлар ажратилиб, инвестициялар жалб этиляпти.  Соҳа ривожига қаратилаётган эътибор, жумладан, давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштиришга ажратилаётган маблағлар ҳам йилдан йилга кўпаймоқда. 2019 йилда соҳага 12,1 триллион сўм йўналтирилди. Бу ўтган йилдагига қараганда 1,3 баробар кўпдир.Бу каби  соғлиқни сақлашни тизимли равишда молиялаштириш  нафақат бугунги кун, балки келажак учун ҳам бебаҳо инвестициядир.

/uploads/banners/news/DSC_0501(1)%20(1).jpg

Дарҳақиқат, бу  соҳа тараққиётида муҳим аҳамият касб этаяпти. Жумладан, бирламчи тиббий ёрдам тизимида ҳомиладорларга  тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш, оналар саломатлигини  мустаҳкамлаш, қиз болалар ва ўсмир қизларга  юқори технологик,  ихтисослаштирилган малакали тиббий ёрдам  кўрсатишнинг  замонавий инфраструктурасини   ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда республика,  ҳудудий  ҳамда ҳар бир туман  ва шаҳарларда  “Қизлар  саломатлиги  марказлари”,  кўп тармоқли марказий поликлиникалар негизида эса “Аёллар маслаҳатхоналари”, шунингдек,  Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “ишонч телефони”  (1003) таркибида кун-у  тун фаолият кўрсатувчи “тезкор алоқа” тармоғи фаолияти йўлга қўйилди.

Президентимизнинг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги  фармони билан тасдиқланган 2019 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси эса соҳада янги даврни бошлаб берди, деб бемалол айтишимиз мумкин.

Жумладан, соҳада миллий қонунчиликни такомиллаштириш, тиббиёт соҳасида замонавий бошқарув тизими ва ҳудудларда “кластер” моделини шакллантириш, молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш, тиббий ёрдамнинг самарадорлиги, сифати ва оммабоплигини ошириш, оналик ва болалик муҳофазасини кучайтириш, хусусий тиббиёт, давлат-хусусий шериклик механизми ва тиббий туризмни ривожлантириш орқали инвестицияларни кенг жалб этиш, фармацевика тармоғи, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малака ошириш, тиббиёт фанини ривожлантириш ҳамда электрон соғлиқни сақлаш тизимини кенг жорий этиш каби устувор вазифалар акс этган концепция ижросини таъминлаш барчамизнинг зиммамизга улкан масъулият юклайди.

— Инсон соғлом бўлсагина иштиёқ билан юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшади, жамиятнинг фаол аъзосига айланади. Шу маънода, айни пайтда, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишга қай даражада эътибор қаратилмоқда?

— Бу борадаги вазифалар ижроси доимий назоратимизда. Энг муҳими, бугунги кунга келиб тиббий хизмат самарадорлиги ва сифатига баҳо беришда мезонлар бутунлай ўзгарди. Эндиликда соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларнинг натижаси таҳлил қилинганда, статистик маълумотлар эмас, халқимиз фаолиятимизга қандай баҳо бераётгани, аҳоли давлат томонидан яратилган замонавий тиббий хизматлардан нечоғлик баҳраманд бўлаётганига асосий урғу берилмоқда. Табиийки, бу  тиббиётнинг бирламчи бўғинидан тортиб юқори тузилмаларгача иш фаолиятини ташкил этишда асосий эътиборни инсон омилига йўналтириш, тиббий хизматнинг сифати ва самарадорлигини оширишга замин яратмоқда.

Айни пайтда мамлакатимизда 1793 та амбулатория-поликлиника муассасалари фаолият кўрсатаётган бўлиб, улардан 817 таси қишлоқ врачлик пунктлари, 798 таси қишлоқ оилавий поликлиникалар, 178 таси шаҳар оилавий поликлиникаларни ташкил қилингани ҳам аҳоли саломатлиги йўлида муҳим ўрин тутмоқда.

Шу ўринда аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган соҳа – шошилинч тиббий ёрдам хизматини оладиган бўлсак. Бу борада Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси ташкил қилингани муҳим воқеа бўлди. Жумладан, янги харид қилинган 231 та реанимобиллар зарур асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозланди. Кейинги босқичда яна 1200 та тез тиббий ёрдам машинасини тўлиқ ва 712 та автомобилни қўшимча жиҳозлаш режалаштирилган.

Эътиборли жиҳати, бугунги кунда ҳар ўн уч минг нафар аҳолига битта “тез ёрдам” машинаси тўғри келади. Бу халқаро стандартларга тўла мосдир. Қолаверса, “тез ёрдам”ни дори-дармон ва тиббий буюмлар билан таъминлаш 3 баробарга кўпайди, чақириқларни қабул қилиш, узатиш ва уларни мунтазам назорат қилиш маркази (Сall-марказ) фаолияти такомиллаштирилди.

/uploads/banners/news/photo5348438760309763323.jpg

— Ихтисослаштирилган тиббий хизматни ривожлантириш ҳам бу борада муҳим ўрин тутади...

— Албатта,аҳолига ихтисослаштирилган хизматни яқинлаштириш борасидаги ишлар ҳам изчил такомиллашиб бораяпти. Ўтган йилларда қўшимча аллергология, онкология, нефрология ва буйрак трансплантацияси, неврология ва инсульт, тровматалогия ва ортопедия ҳамда нейрохирургия каби қатор йўналишларда тиббиёт марказлари фаолияти ташкил этилиши ҳисобига аҳолига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатаётган тиббиёт марказларни сони 16 тага етди.  Ҳудудларда 6598 та шифохона ўринларга эга бўлган 310 та ихтисослашган бўлимлар, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг 14 та филиаллари ташкил қилинди.

Тиббиёти тараққий этган мамлакатларда қўлланилаётган илғор инновацион тиббий технологияларни мамлакатимиз тиббиётида жорий этишга ҳам алоҳида аҳамият берилаяпти. Жорий йилнинг ўтган даврида Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари томонидан ҳудудларда 54 мингга яқин аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди, 1358 та оператив муолажалар бажарилди, улардан 775 тасини юқори технологияли операциялар ташкил қилди. Шу тариқа юқори технологияли операциялар улуши 57 фоизни ташкил қилди.

Шу ўринда Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида буйрак ва жигар кўчириб ўтказиш бўйича мураккаб операциялар муваффақиятли бажариб келинаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Шунингдек, Республика Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти олимлари жаҳон тиббиётининг илғор йўналиши — ўзак ҳужайра трансплантациясини ўзлаштириб, ҳозирда уни муваффақиятли йўлга қўйди. Ўтган йил Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида мамлакатимиз тиббиёти тарихида биринчи марта жигарни кўчириб ўтказиш операцияси юқори натижа билан ўтказилди.

/uploads/banners/news/874.jpg

— Ижтимоий тармоқларда шифокорларнинг ҳақ-ҳуқуқлари билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар юзасидан баҳс-мунозаралар бўлмоқда. Бу борада қандай чора-тадбирлар белгиланган?

— Тиббиёт ходимларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш олдимиздаги долзарб вазифалардан биридир. Бугунги кунда соғлиқни сақлаш тизимида беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан тиббиёт ходимларига ғайриқонуний равишда тажовуз қилиниши ҳолатлари тез-тез учрамоқда. Маълумотларга кўра, 2018-2019 йиллар давомида 400 дан ортиқ ҳолатларда тиббиёт ходимларига нисбатан зўравонлик қилиш, уларга тан жароҳатлари етказиш каби ноқонуний ҳаракатлар содир этилган.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, амалдаги жиноят қонунчилигида хизмат вазифасини бажариб турган тиббиёт ходимларига нисбатан тажовуз қилиш, уларга бу жараёнда тан жароҳати етказиш учун жавобгарлик чоралари нисбатан енгил ҳисобланади. Бунинг оқибатида айрим пайтларда тиббиёт ходимларининг соғлиғига тиклаб бўлмайдиган даражада жароҳат етказган айбдор шахслар ҳам амалда ҳеч қандай жазо ўтамасдан қолиб кетмоқда.

Шундан келиб чиқиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Респуьбликаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси кўмагида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча киритиш тўғрисида”гиқонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига киритилди.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан бундай тажовузларни содир этган шахсларга нисбатан уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини қўллаш мумкин бўлади. Ўйлаймизки, бу ҳозирда қарийб ҳар куни содир бўладиган ҳодисага айланиб улгурган тажовузларнинг олдини олишда катта профилактик таъсир кучга эга бўлади.

— Муносиб меҳнат шароитларини яратиб бериш, шунингдек, малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни қоплаш борасида қандай амалий ишлар олиб борилмоқда?

— Давлат тиббиёт ташкилотларини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш ҳам яхшиланаяпти. Бундан ташқари, 236 та тиббиёт объектида қурилиш-таъмирлаш ишлари жадал олиб борилмоқда. Ўтган 9 ой давомида 146 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланди. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ҳамда “Саломатлик – 3” лойиҳаси доирасида ҳам қатор инвестиция дастурлари амалга оширилди. Ушбу жараён ўз-ўзидан ходимлар учун муносиб меҳнат шароитлари яратилиши, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланишига замин яратади.

Президентимизнинг 2019 йил 6 майдаги “Тиббиёт ва фармацевтика таълими ва илм-фани тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида тиббий таълим борасидаги асосий вазифалар белгилаб берилди. Ушбу ҳужжатнинг қабул қилинишидан мақсад тиббий таълим сифатини ошириш, олий ва ўрта махсус профессионал тиббий таълим тизимини энг яхши халқаро тажрибалар даражасида босқичма-босқич шакллантириш ва тиббиёт муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлашдан иборат.

Айтиш жоизки, ҳозирда мамлакатимизда тиббиёт соҳаси учун 7 та олий тиббий таълим муассасаси ва уларнинг 4 та филиалида малакали кадрлар тайёрланмоқда.

Тиббиёт тизимида яратилаётган замонавий шароитлар туфайли сўнгги йилларда чет эллардаги нуфузли клиникаларда ишлаётган юздан зиёд ватандошларимиз юртимизга қайтиб кардиохирургия, нейрохирургия, эндокринология, педиатрия ҳамда травматология ва ортопедия каби йўналишларда халқимизга тиббий хизмат кўрсатаётгани ҳам тиббиётимизнинг ютуғидир.

— Дунё тиббиёти жадаллик билан ривожланиб бораяпти. Ушбу тенденция юртимиз тиббиётида қандай акс-садо бераяпти?

— Дарҳақиқат, замонавий тиббиётни юқори технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шунга кўра, трансплантология ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда ва бу келгусида ҳам давом этади. Келгусида мамлакатимизда молекуляр ва нуклеар тиббиёт, робот ёрдамидаги операциялар  учун ускуналар ҳамда даволашнинг бошқа юқори технологияли жарроҳлик усулларини жорий қилиш ҳам кўзланмоқда.

Агар кузатадиган бўлсак, ривожланишнинг инновацион йўлидан бораётган мамлакатларда “ақлли технологиялар” барча соҳаларда кенг татбиқ этилмоқда: “Ақлли уй”, “Ақлли қишлоқ”, “Ақлли шаҳар” каби тизимлар мамлакатнинг муваффақиятли ва барқарор ривожланишини таъминламоқда. Чунки “ақлли технологиялар”нинг асосий мақсади — кам вақт ва куч сарфлаб, юқори натижага эришишдир.  Мамлакатимизда ҳам “Ақлли тиббиёт” айни шу мезон асосида ишлаб чиқарилмоқда. Ушбу технологиялар касалликларни олдиндан аниқлаш, уларни масофадан профилактика қилиш имконини берувчи йирик бир тизим ҳисобланади.

Дунё тажрибасидан маълумки, соҳа ривожида хусусий секторнинг алоҳида ўрни бор. Шундан келиб чиққан ҳолда жорий йилнинг ўтган етти ойида 502 та  янги хусусий тиббиёт муассасалари ташкил этилди, 176 таси эса ўз фаолиятини кенгайтирди.

—Маълумки, келаси йил юртимизда тўртинчи даражалиБолалар миллий тиббиёт маркази ишга туширилади. Айтингчи, айни пайтда ушбу муҳим воқеага тайёргарлик ишлари қандай кетаяпти? Мазкур замонавий муассасада қандай мутахассисларимиз фаолият кўрсатишади?

—Ҳақиқатан ҳам,2020 йилда мамлакатимиз тарихида биринчи марта  тўртинчи даражали замонавий даволаш муассасаси ишга туширилади. Пойтахтимизда барпо этилаётган  мазкур Болалар миллий тиббиёт марказида айни кунларда қурилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида бир гуруҳ шифокорлар ва ҳамширалар Корея Республикасининг Пусан миллий университети клиникасида малака оширмоқда. Жумладан, 13 нафар ҳамшира бир ойлик ўқув курсини якунлаб, юртимизга қайтиб келишди. Куни-кеча яна 17 нафар ўрта тиббиёт ходимлари малака ошириш учун ушбу мамлакатга юборилди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, жадаллик билан қурилаётган Болалар миллий тиббиёт маркази280 ўринга эга бўлиб, кунига 250 нафар беморни қабул қилиш ва биринчи  йилнинг ўзида  1500 дан энг мураккаб операцияларни  ўтказишни таъминлашга мўлжалланган. Ушбу замонавий шифохонада мингга яқин малакали шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимлари фаолият юритиши режалаштирилган.

Айни пайтда мазкур тиббиёт марказини қуриш, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш баробарида, малакали мутахассисларни тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ушбу замонавий даволаш муассасаси очилгунича  100 нафар мутахассисларимиз Корея РеспубликасинингПусан миллий университети клиникасида малакасини ошириш кўзда тутилган. Уйлайманки, тўртинчи даражали Болалар миллий тиббиёт маркази тиббиётимизнинг энг муҳим ютуқларидан бири бўлиб қолади.

— Яқинда Ўзбекистонда миллий эмлаш календари яна битта муҳим -  одам папиллома вируси (ОПВ)  вакцинаси билан бойиди......

—Тўғри, бачадон бўйни саратони аёллар саломатлигига таҳдид қилувчи жиддий касалликлардан бири ҳисобланади. Статистик маълумотларга кўра, дунёда биргина 2018 йилда бачадон бўйни саратони билан қарийб 570 000 янги касалланиш ҳолати қайд этилган. Ҳар йили шу касалликдан 311 000 дан ортиқ аёллар вафот этади.

Дунёда бўлгани каби, мамлакатимизда ҳам ушбу хасталик аёллар ўртасида тарқалиши бўйича кўкрак бези саратонидан кейин иккинчи ва касалликлардан ўлим кўрсаткичи бўйича эса, туғиш ёшидаги аёллар (15-44 ёш) орасида иккинчи ўринда туради. ЖССТ маълумотларига кўра, ҳар йили юртимизда 1600 нафардан зиёд аёл бачадон бўйни саратони касаллигига чалинмоқда. Шундай қилиб, папиллома вируси касалликларининг салмоғи юқоридир.

Шу боис, бутун дунёда ушбу касалликнинг олдини олиш муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги кунда бу борада  синалган ва самарали усуллар мавжуд. Улардан бири — одам папиллома вируси (ОПВ)га қарши эмлашдир.Юртимизда  2017 йилда  Вазирлар Маҳкамаси томонидан бу борада миллий рeжа тасдиқланган. У ўз ичига бачадон бўйни саратонини даволаш, паллиатив ёрдам кўрсатиш билан бирга, ОПВга қарши эмлаш, бачадон бўйни саратонини скрининг қилиш каби бирламчи профилактик тадбирларни қамраб олади.

 Миллий эмлаш календарига кўра, мамлакатимизда болалар давлат бюджети ҳисобидан 12 та бошқариладиган инфeкцияларга қарши эмланади. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда эпидемиологик ҳолат барқарор сақланмоқда. Эндиликда ОПВга қарши вакцинанинг жорий қилиниши эса яна бир оғир касаллик — бачадон бўйни саратони касаллигининг олдини олишга хизмат қилади. Шу йилдан бошлаб  юртимиздаги барча 9 ёшли ўсмир қизлар ушбу касалликка қарши эмланади. Натижада келажакда ҳар йили 1 100 та касалланиш ва бачадон бўйни хасталиги бўйича 600 га яқин ўлим ҳолатининг камайишига эришилади.

ЖССТ одам папилломаси вирусига қарши вакцинани барча иммунизация дастурларига киритишни тафсия этади. Бугунги курда жаҳоннинг 96 давлати уни ўз миллий эмлаш календарига киритган, уларнинг орасида Европанинг кўплаб давлатлари, АҚШ, Буюк Британия, Канада, Австралия ва Лотин Америкаси ҳам бор. Шундай қилиб, 2006 йилдан бошлаб бутун жаҳонда 100 миллиондан кўп одам ушбу вакцина билан эмланган.

Бачадон бўйни саратони олди жараёнларини камайтиришдаги эмлашнинг юқори самараси клиник синовлар даврида, шунингдек бу вакцина кўп йиллардан бери қўлланиб келинаётган давлатлар АҚШ, Австралия, Канада, Дания, Ирландия, Швеция, Финляндия, Янги Зеландия, Шотландия каби қатор мамлакатлар мисолида кўринган.

Ўтказилган клиник тадқиқотларда вакцина аёллар репродуктив функциясига ҳеч қандай ножўя таъсир кўрсатмаслиги аниқланган. Шунингдек, ушбу вакцина  саратон олди касалликлар ва саратоннинг олдини олиш билан бирга  репродуктив функцияни ҳимоя қилиши ҳам аниқланган. 2010 йилда мамлакатимизда 8 минг нафар 9-15 ёшли қизлар орасида ушбу вакцина қўлланилган эди. Ўтган даврда ушбу қизларда ҳеч қандай салбий ўзгаришлар кузатилмади.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, одам папиллома вирусига қарши вакцинанинг нархи анча қимматлиги сабаб аксарият давлатларда у пулли асосда бажарилади. Бизнинг мамлакатимизда эса, ўсмир қизлар давлат ҳисобидан бепул  эмланади.

Шу ўринда кўпчиликни вакцинанинг қизларнинг репродуктив функциясига салбий таъсири  бўлмайдими? деган савол қизиқтириши табиий. Ўтказилган илмий тадқиқотларда шу аниқ бўлдики, юқорида қайд этилганидек, мазкур вакцина нафақат саратондан ҳимоялаш, балки, репродуктив аъзолар саломатлигини янада мустаҳкамлаш хусусиятига ҳам эга экан.

— Тиббиёт ходимлари куни арафасида соҳа фидойиларига айтар сўзингиз...

— Юқорида айтиб ўтганимдек, мамлакатимизда тиббий хизмат кўрсатиш сифати ҳамда юқори технологияли даволаш усуллари янада ривожланиб, шифокорларнинг аҳоли саломатлиги йўлида янада самарали фаолият юритишига замин яратмоқда. Пировард мақсад эса Президентимиз таъбири билан айтганда: “Тиббиёт ходими саломатлик посбонларидир. Уларга халқ ишониши, улар эса халқни ишонтира олиши керак”.

Бундай катта маррани забт этишда,айни пайтда эришаётган барча ютуқларимизда меҳнаткаш ва жонкуяр тиббиёт ходимларининг улкан хизмати мужассам. Фурсатдан фойдаланиб, инсон саломатлиги йўлида ўз билим ва тажрибасини аямай меҳнат қилаётган юртимиздаги барча соҳа вакилларини Тиббиёт ходимлари куни билан самимий қутлайман. Юксакмақсадлар сари дадил одимлаётган соғлиқни сақлаш соҳасининг фидойи вакиллари бундан кейин ҳам куч-ғайрат ва фаоллик билан меҳнат қилишларига ишончимиз комил.

Фурқат Санаев суҳбатлашди.

Будьте в курсе

Подпишитесь на дайджест Medical Express - новости, конференции и новые выпуски журнала.