Соғлиқни сақлаш вазирлиги: САЛОМАТЛИК АКЦИЯСИ ДОИРАСИДА 6 НАФАР АЁЛДА ЮҚОРИ ТЕХНОЛОГИК МУРАККАБ АМАЛИЁТЛАРИ ЎТКАЗИЛДИ
Сарвихон Қурбонова 65 ёшда. Поп туманининг Исковут қишлоғида яшайди. Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалида касаллиги туфайли тез-тез даволаниб турарди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ташаббуси билан “Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун” шиори остида ўтказилаётган саломатлик акцияси доирасида пойтахтлик шифокорларнинг вилоятга ташрифи унинг учун жуда катта умид эшикларини очди. Марказнинг етук мутахассислари унинг хонадонига кириб келганида, нақадар ўзини бахтиёр ҳис этди. Ахир тошкентлик мутахассислар кўригига боришга орзуманд эди-да.
РИОва РИАТМ маммология бўлими раҳбари тиббиёт фанлари доктори Лола Алимходжаева керакли маслаҳат ва тавсияларини берди. Марказнинг вилоят филиалида чуқурлаштирилган тиббий диагностик текширувлардан сўнг унга жарроҳлик амалиётини ўтказиш мумкинлиги билдирилди. Онахонда шу ернинг ўзида пойтахтлик мутахассислар маҳаллий шифокорлар билан ҳамкорликда мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказишди.
Операцияга эндигина тўрт кун ўтган бўлган бўлса-да, унинг аҳволи анча яхшиланиб, ўзини-ўзи уддалаяпти. Хатто, четдан қараган киши онахонни жарроҳлик столидан турганига ҳам ишониши қийин.
— Тошкентлик шифокорлар ҳолатимни кўришиб, операция йўли билан мени касалликдан фориғ қилишларини айтганларида, тўғриси беҳад суюниб кетдим. Саломатлигимни тиклаш учун жон куйдираётган шифокорлардан мамнун бўлиб, операция столига кўнглим хотиржам ҳолда ётдим. Мана бугун тўртинчи кун, аҳволим дуруст, оғриқлар деярли камайди. Иштаҳам яхши, кайфиятим аъло. Биз хотин-қизлар саломатлиги учун жон куйдириб, малакали шифокорларни вилоятимизга юборган Президентимизга мингдан-минг рахматлар айтамиз.
Муҳайё Қосимова ҳам РИО ва РИАТМ вилоят филиалида бачадон бўйни саратони ташхиси билан даво муолажаларини олаётган экан.
— Пойтахтлик олим-шифокорларнинг келганидан мамнунман. Улар мени керакли текширувлардан ўтказишиб, операцияни лозим топишди. Қарангки, ҳеч қандай сарф-ҳаражатсиз, барча маблағлар давлат томонидан қопланаяпти, Мендек ёлғиз аёл учун бу жуда катта ёрдам. Албатта, 1 нафар фарзандим ва ота-онамнинг ёнига дарддан фориғ бўлиб бориш имконияти туғилганидан беҳад хурсандман. Қўли енгил шифокорлар шарофати билан фарзандимнинг орзу хавасларини кўриб, яхши кунларида ёнида бўлишга умидворман. Барча-барча тошкентлик ва наманганлик маҳоратли врачларимиздан миннатдорман, — дейди мамнуният билан нажотталаб аёл.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалида пойтахтлик врачлар билан биргаликда М. Қосимовада мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Тўрт соатдан ортиқ вақт давом этган операцияда марказ мутахассислари, тиббиёт фанлари номзодлари Ш. Хатамов ва О. Ахмедов наманганлик ҳамкасблари билан биргаликда зиммаларидаги вазифани масъулият билан бажардилар.
Мазкур тиббиёт муассасаси директори А. Эшоновнинг маълум қилишича, “Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун” шиори остида ўтказилаётган саломатлик акцияси доирасида 6 нафар аёлда юқори технологик мураккаб амалиётлари ўтказилди. Яна 12 нафар бемор аёллар ноёб турдаги операциялар учун ҳозирланишмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий телеграм канали — t.me/ssvuz
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими @ssvmatbuotkotib