Medical Express - Xalqaro tibbiy ixtisoslashtirilgan ilmiy va amaliy multimedia jurnali va assotsiatsiyasi

CCВ: КОРОНАВИРУСГА ҚАРШИ КУРАШИШНИНГ ЭНГ АРЗОН, ХАВФСИЗ ВА САМАРАЛИ УСУЛИ

639 просмотров
CCВ: КОРОНАВИРУСГА ҚАРШИ КУРАШИШНИНГ ЭНГ АРЗОН, ХАВФСИЗ ВА САМАРАЛИ УСУЛИ

Коронавирус мутацияга учраши оқибатида унинг янги-янги турлари пайдо бўлаётганидан хабарингиз бор.

Айниқса, бу йил юртимизда кенг тарқалган “дельта” штамми анча хавфли чиқди.

У аввалги йилдагидан фарқли равишда аҳолининг катта қатлами ҳисобланган болаларни ҳам қамраб олмоқда.

Мутахассисларнинг изоҳлашича, бунинг уч асосий сабаби бор.

Биринчиси — фарзандларимизнинг аксарияти вакцина билан эмланмаган.

Иккинчи сабаб — карантин қоидаларига етарли эътибор қаратилмаяпти.

Учинчиси — янги ўқув йили бошланиши билан мулоқот жараёни фаоллашди.

Қаранг, жорий йил бошидан Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонасига 18 ёшгача бўлган 3658 нафар ўғил-қиз COVID-19 ташхиси билан ётқизилган.

Уларнинг энг катта қисми, яъни 1263 нафарини 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар ташкил этади.

Анвар ҲУСАНОВ, шифохона директори: — Масаланинг иқтисодий жиҳатини таҳлил қиладиган бўлсак, касалланган ўрта ҳолатдаги бемор муолажаси учун давлатимиз ҳисобидан 15 миллион сўмгача маблағ сарфланмоқда. Албатта, бу суммалар дори-дармон, озиқ-овқат, тиббий хизмат, транспорт, коммунал ва бошқа кўплаб сарф-харажатларни ўз ичига олади. Қолаверса, COVID-19га чалинган бемор шифохонадан тузалиб, уйига қайтгач ҳам, иммун тизими тўлиқ тикланиши ва хасталик асосратларидан батамом халос бўлиши учун узоқ вақт тиббий препаратларни қабул қилиб юришига тўғри келади. Албатта, буларнинг барчаси катта чиқим талаб этиши турган гап. Бундан ташқари, коронавирус кейинчалик инсон танасининг бошқа аъзолари фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатиши эҳтимоли юқори. Шу маънода, вакцина энг арзон, хавфсиз ва самарали усулдир.

Дилором АҲМАДЖОНОВА, бемор: — Бу ерда икки ўғлим билан ётибмиз. Бири ўн уч, иккинчиси уч яшар. Касаллик аввал уларга юққан, кейин мен ҳам хасталаниб қолдим. Палатадошларимиз Шоира Қодирова ва унинг 6 ёшли фарзанди қариндошларимиз. Улар билан ҳам мулоқотда бўлгандик. Ҳозир муолажалар давом этяпти. Болаларнинг аҳволи анча яхши. Ўзимиз ҳам кундан-кун тетиклашиб боряпмиз. Лекин ўз вақтида вакцина олмаганимиздан афсусдамиз.

Ҳилола МАРДОНОВА, болалар бўлими мудири: — Бўлимимиздаги болаларнинг 20-30 фоизида вирусли пневмония кузатилмоқда. Йил бошидан буён 84 нафар бола жонлантириш бўлимига ётқизилган бўлса, ҳаммаси тузалиб чиқиб кетишди. Тўғри, касаллик аксарият ўғил-қизларда нисбатан енгил ўтяпти. Тузалиш муддати ҳам ўртача 5-7 кунни ташкил этмоқда. Аммо барибир хотиржамликка берилмаслигимиз шарт. Шу маънода, 12 ёшгача бўлган боларнинг эмланиши имкониятдан оқилона фойдаланишимиз зарур.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий телеграм канали — t.me/ssvuz 
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими @ssvmatbuotkotib

Будьте в курсе

Подпишитесь на дайджест Medical Express - новости, конференции и новые выпуски журнала.