Medical Express - Xalqaro tibbiy ixtisoslashtirilgan ilmiy va amaliy multimedia jurnali va assotsiatsiyasi

ССВ: “ТЕЗ ЁРДАМ”ГА БРОНХИАЛ АСТМА ВА АЛЛЕРГИК РЕАКЦИЯЛАР БИЛАН БОҒЛИҚ ЧАҚИРИҚЛАР СОНИ КАМАЙДИ

586 просмотров
ССВ: “ТЕЗ ЁРДАМ”ГА БРОНХИАЛ АСТМА ВА АЛЛЕРГИК РЕАКЦИЯЛАР БИЛАН БОҒЛИҚ ЧАҚИРИҚЛАР СОНИ КАМАЙДИ

Хабарингиз бор, жорий йил 4-5 ноябрь кунлари мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида, хусусан, Тошкент шаҳрида мавсумга хос бўлмаган чанг-қумли бўрон ҳодисаси кузатилиб, бунинг оқибатида атмосфера ҳавосидаги чанг миқдори белгиланган меъёрдан 5 баробар, куннинг айрим вақтларида эса 30 баробарга ошгани кузатилган эди.

Бунинг натижасида “Тез ёрдам” хизматига нафас етишмовчилиги, бронхиал астма ҳуружи ва турли аллергик реакциялар билан боғлиқ мурожаатлар сони сезиларли даражада ортди.

“Ўзгидромет” хабар беришича, жорий йил 7 ноябрь куни соат 11:00да ўтказилган мониторинг натижалари пойтахтда чанг билан ифлосланганлик даражаси пасайиб, рухсат этилган максимал концентрациядан 3,3 баравар ортиқлигини кўрсатган. Айтиш жоизки, Тошкент шаҳри ҳавосидаги ифлосланиш даражаси ижобий томонга ўзгаргани “Тез ёрдам” хизматига юқоридаги белгилар билан мурожаат қилувчилар сони бирмунча камайишига ҳам олиб келди.

— 5 ноябрдан 6 ноябрь соат 06.00га қадар “103” хизматига умумий чақириқлар сони 4110 та бўлган бўлса, кеча бу борадаги кўрсаткич қарийб 345 тага камайиб, 3768 тани ташкил қилди, — дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори Дониёр БЎРИБАЕВ. — Шундан нафас етишмовчилиги билан боғлиқ 349 та, аллергик реакциялар билан 25 та, бронхиал астма ҳуружи билан 48 та мурожаат бўлиб, беморларнинг 8 таси госпитализация қилинди.

Айтиш жоизки, чанг-қумли бўрон ҳодисаси юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида назорати ташкил этилиб, “Тез ёрдам” хизмати томонидан аҳолига зарур тиббий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилмоқда.

Қолаверса, юртимиз аҳолиси бундай об-ҳаво шароитида зарурат туғилганда, ўз ҳудудидаги оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиникаларга мурожаат қилиб, туну кун сифатли тиббий хизматдан фойдаланишлари мумкин.

Шунингдек, Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги 13 та филиали ҳамда туман ва шаҳар бўлимларида зарур дори-дармонлар билан етарли миқдорда тўлиқ таъминланган.

Бундан ташқари, аҳоли Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “1003” қисқа рақамли Саll-марказининг малакали мутахассисларидан чангли ҳаводан қандай ҳимояланиш бўйича туну кун керакли маслаҳат ва тавсиялар олишлари мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий телеграм канали — t.me/ssvuz 
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими @ssvmatbuotkotib

Будьте в курсе

Подпишитесь на дайджест Medical Express - новости, конференции и новые выпуски журнала.