ЎЗБЕКИСТОН ТИББИЁТИ “ИНСОН ҚАДРИ УЧУН” ТАМОЙИЛИ РЎЁБИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ
Президентимиз яқинда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларига йўллаган байрам табригида “Инсон саломатлиги жамиятнинг бебаҳо бойлиги, шифокорлар эса ана шу бойликнинг фидойи посбонларидир”, — дея алоҳида эътироф этди. Халқимиз саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш бундан буён ҳам бош вазифа бўлиб қолиши таъкидланди. Ушбу соҳага йўналтириладиган маблағлар келгуси беш йилда 2 баробар оширилиши бунинг яққол тасдиғидир.
Қолаверса, 2026 йилгача олий тоифали шифокорлар маошини эквивалент ҳисобида 1 минг долларга етказиш мўлжаллангани тиббиёт ходимларига кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунасидир. Бу бежиз эмас, албатта.
Чунки бутун дунёни қамраб олган коронавирус пандемияси Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳаси учун ҳам жиддий синов палласи бўлди. Ушбу хавфли хасталик одамларни беҳуда уйдан чиқмасликка мажбур этган вақтда фидойи ва жонкуяр шифокору ҳамшираларимиз аҳолини ана шу балодан асраш, дардига малҳам бўлиш учун ҳатто касаллик ўчоғига кириб куну тун меҳнат қилишига тўғри келди. Ҳозир ҳам шундай матонат ва жасорат намуналарига гувоҳмиз.
Муҳими, инсон манфаатлари йўлидаги саъй-ҳаракатлар натижасида соғлиқни сақлаш тизими тубдан такомиллаштириб бориляпти.
Тўғридан-тўғри бемор билан ишлайдиган тизим яратилди
Касалликни самарали даволашнинг биринчи шарти — тўғри ташхис. Бироқ яқин йилларгача одамлар жойларда тиббий хизмат сифати пастлигидан оддий касаллик ташхиси учун ҳам узоқ йўл босиб пойтахтга, вилоятлар марказларига боришга мажбур эди. Шу сабабли, Президентимиз соҳадаги ислоҳотларни айни шу оғриқли нуқтадан бошлади. Натижада умумий амалиёт шифокори мутахассиси оилавий шифокор, қишлоқ врачлик пункти оилавий шифокор пункти, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникаси эса оилавий поликлиникага айлантирилди.
![]()
Ўз навбатида, самарасиз, моддий техник базаси ночор 3 мингдан ортиқ ҚВП ўрнида 2 мингта поликлиника ва оила шифокорлик пункти ташкил этилиб, аҳолига ўз яшаш манзилларида тўлиқ бепул амбулатор тиббий хизмат кўрсатилиши таъминланди. Оммавий шаклдаги профилактик ва чуқурлаштирилган кўриклар ўрнига мақсадли скрининг дастурлари, тотал патронаж ўрнига универсал-прогрессив патронаж тизими жорий қилинди. Бир сўз билан айтганда, тиббиётнинг бирламчи бўғини тўғридан-тўғри бемор билан ишлайдиган, касалликларни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизим сифатида шакллантирилди.
“Тез ёрдам” — нажоткоримиз
Бугунги кунда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги филиалларида барча турдаги мураккаб операциялар ўтказилмоқда. Соҳадаги янгиланишлар тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятида ҳам акс этяпти. Хусусан, охирги йилларда “Тез ёрдам”да битта чақириққа дори-дармон учун ажратилаётган маблағ 500 сўмдан 6500 сўмга оширилди. Шу билан бирга, мамлакатимизда 2016 йилда 800 та “тез ёрдам” шохобчаси ва 1 минг 890 та тез тиббий ёрдам бригадаси фаолият юритган бўлса, айни пайтда уларнинг сони мос равишда 1 минг 666 та ва 2 минг 824 тага етказилди.
Тез тиббий ёрдам бригадалари дислокацияси ҳам қайта кўриб чиқилиб, аҳоли яшаш пунктларига яқинлаштирилди. Натижада тез тиббий ёрдам бригадаларининг кечикиши 10-12 фоиздан 1-2 фоизгача камайди. Муҳими, оперативлик билан бирга натижадорлик ҳам ошди.
Келгусида 500 га яқин буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти ўтказилиши режалаштирилмоқда
Академик В. Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази трансплантология бўлимида буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти йўлга қўйилган. Келгусида бу муассасаларда йилига 500 тага яқин ана шундай мураккаб операцияни ўтказиш режалаштириляпти. Чунки Ўзбекистонда 4000 нафардaн oртиқ бeмoр дaстурий гeмoдиaлизгa муҳтoж. Сурункaли буйрaк eтишмoвчилигининг сўнгги бoсқичидa бўлгaн ҳaр бир бeмoр ҳaфтaсигa кaмидa 2-3 мaртa гeмoдиaлиз сeaнсини oлaди.
Ўтган 5 йилда юртимизда 600 дан ортиқ буйрак, жигар ва ўзак ҳужайра операциялари муваффақиятли ўтказилиши натижасида фуқароларимизнинг чет давлатлардаги клиникаларга чиқиши кескин камайди. Қолаверса, 2016 йилгача юрак соҳасидаги мураккаб операциялар фақатгина Тошкент шаҳрида амалга оширилган бўлса, бугунги кунда бутун республика бўйича 12 та ҳудудда рентгенэндоваскуляр бўлимлар фаолияти йўлга қўйилган. 10 та вилоятда эса очиқ кардиохирургик операциялар ўтказилмоқда.
Бу юртимизда ихтисослашган тиббиётни ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар самарасидан мисол. Республикамизда 18 та ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт маркази, ҳудудларда 174 та филиали ҳамда туманларда 310 та бўлими ташкил қилиниши натижасида илгари республика даражасида амалга оширилган юқори технологик операцияларни энди вилоят ва туман даражасида ўтказиш йўлга қўйилмоқда.
Она ва бола соғлом бўлса, жамият соғлом бўлади
Ўзбекистонда оналар ва болалар саломатлиги доимий назоратда. 200 та кўп тармоқли марказий поликлиникадаги перинатал ташхис хоналарида аёлларимизнинг 92,6 фоизи ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлигида ультратовуш текширувидан ўтказилмоқда.
Юртимизда болалар саломатлигини сақлашда педиатриянинг барча йўналишларида диагностика, даволаш, профилактика ва реабилитация бўйича ихтисослаштирилган ва юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган 280 ўринли Болалар миллий тиббиёт маркази ташкил этилди. Нафақат республика, балки вилоят тиббиёт муассасаларида ҳам юрагида туғма нуқсони бўлган болаларни даволаш учун шифо ўринлари сони 3 баробар оширилди. Шу билан бирга, айни пайтда юқори тиббий технологиялар асосида юртимиздаги 10 та тиббиёт муассасасида болалар кардиожарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда.
Бундан ташқари, сўнгги йилларда юртимизда эшитишда нуқсони бор ва кар болаларда кохлеар имплантация операциялари мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. Бинобарин, 5 ёшгача бўлган 495 минг 425 нафар ўғил-қиз А витамини ва 2-10 ёшдаги 6,2 миллион нафар бола гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар билан таъминланиши кичкинтойларимизнинг соғлом ўсишига хизмат қиляпти. 6-23 ойлик болалар учун уй шароитида тайёрланган овқатларни бойитиш мақсадида микронутриент кукуни билан таъминлаш ҳам йўлга қўйилди.
Келгуси беш йилда тиббий профиликтига алоҳида эътибор қаратилади
Президентимиз қайд этиб ўтганидек, кейинги беш йилда республикамиз бўйича тиббиётнинг бирламчи бўғини орқали тиббий профилактикага, оилавий шифокорлар ролини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
Жумладан, 2022 йил учун солиқ тушумлари ҳамда бюджет параметрлари юзасидан ўтказилган йиғилишда келгуси йилда таълим ва тиббиёт тизимига 58 триллион сўм ажратилиши кўзда тутилгани маълум қилинди. Президентимиз бу маблағга қўшимча тарзда яна 12 триллион сўм ажратиш таклифини билдирди. Чунки ҳудудлардаги эҳтиёж ва аҳоли талабидан келиб чиқиб, келгуси йилда 55 та янги дастур амалга оширилиши белгиланган.
![]()
Тиббиётнинг бирламчи бўғинини ривожлантириш ҳамда ҳудудларда юқори технологик тиббий хизматларни жорий этишга келгуси йилда жами 8 триллион сўм ажратилиши мўлжалланмоқда. Бундан ташқари, Президентимиз раислигида юрак қон-томир ва эндокрин касалликларнинг олдини олиш ва уларни даволаш тизимини такомиллаштиришга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида келгуси йилдан 40 ёшдан ошган барча аҳоли оилавий поликлиника ва тиббий бригадалар орқали йилига камида бир марта манзилли скринингдан ўтказилишини таъкидлади. Шунингдек, туман лабораториялари коагулометр ва зарур реактивлар билан таъминланади. Юрак-қон томир касалликлари учун эналаприл каби дорилар доимий равишда 200 мингдан зиёд эҳтиёжманд аҳолига бепул тарқатилади.
Бирламчи бўғинга дори ва тиббий буюмлар учун келгуси йилда бюджетдан 580 миллиард сўм берилади. Бу жорий йил харажатларидан 3 баробар кўп. Шу билан бирга, туман шифохоналарига 4 турдаги кардиология ускуналари ўрнатилиб, кўрсатиладиган хизматлар 5 тадан 15 тага, Республика кардиология маркази вилоят филиалларида эса 15 тадан 35 тагача етказилади.
Албатта, изланиш — юксалиш гарови. Бугун шифокорларимиз, хусусан, ўрта тиббиёт ходимлари ҳам ана шу ҳикматга амал қилиб, билим, тажриба ва маҳорат орттиришдан бир зум тўхтагани йўқ. Буларнинг барчаси халқимиз саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилаверади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати.