СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ТИЗИМИ ИНСОН ҚАДРИ УЧУН ХИЗМАТ ҚИЛАДИ
Соғлом халқ буюк ишларга қодир бўлади. Бу юздан, кейинги йилларда Президентимиз томонидан аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Одамларнинг бахтли-саодатли, бугунидан рози бўлиб яшаши учун тиббиёт тизимида кенг кўламли янгиланишлар бўй кўрсатаётир.
Юртимизда умидбахш ислоҳотлар бошланганига беш йилдан ошди. Ўтган шу қисқа даврда эришилган ютуқлар барчамизни танланган оқилона йўлдан оғишмай, ғайрат-шижоат билан олдинга интилишга, бажарилиши лозим бўлган ишларни, кун тартибидаги долзарб масалалар ҳамда ечимини кутаётган муаммоларни масъулият билан ҳал этишга ундаётган бўлса, жорий йилнинг 26 январь санасида давлатимиз раҳбари раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгилаб берилган мақсадлар шижоатимизга шижоат қўшди.
Маълумки, Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг замирида “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойил мужассам. Йиғилишда Юртбошимиз томонидан таъкидланганидек: “Инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас. Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз”.
Албатта, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳам ҳар бир инсоннинг конституцион ҳуқуқларидан бири ҳисобланади. Шу маънода, халқимиз саломатлигини таъминлаш бундан буён ҳам бош вазифа бўлиб қолади. Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида тиббиёт тизимини ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини ошириш, соҳани аҳолига янада яқинлаштириш, бир сўз билан айтганда халқимизни рози қилиш бош мезон этиб белгилангани ҳам бежиз эмас.
Тараққиёт стратегиясида тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар борасида 11 та мақсад белгилаб қўйилди. Шунингдек, 2022 йилги дастурнинг 23 та бандида Президентимиз томонидан соҳани ривожлантиришга оид топшириқлар берилди. Булар, шубҳасиз, кейинги 5 йилда амалга оширадиган ишларимизга дастуриламал бўлиб, соҳа ривожига замин яратади. Тараққиёт стратегиясида кўзда тутилган барча масалаларнинг ижроси тўлақонли ва сўзсиз таъминланади.
![]()
Бирламчи тизимда дори-дармонга ажратилган маблағ 3 баробарга оширилади
Касалликни самарали даволашнинг биринчи ва энг муҳим шарти – унга тўғри ташхис қўйиш. Бироқ яқин йилларгача мамлакатимизда бу борада аҳвол қониқарли бўлмагани ҳеч кимга сир эмас. Мазкур йўналишдаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва оммабоплигини ошириш, тиббиёт ходимларининг жамиятдаги ўрни ва мақомини юксалтиришга доир қатор Фармон ва қарорлар қабул қилинди. Бу борадаги ислоҳотлар эса жорий йилда ҳам изчиллик билан давом эттирилади.
Ўтган йил 9 ноябрь куни юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва уларни даволаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари халқимизнинг соғлиғи ҳеч нарса билан ўлчанмайдиган энг бебаҳо бойлик эканини таъкидлаб, бирламчи бўғинга ажратиладиган маблағларнинг 2 баробарга оширилишини ҳамда аҳоли ўртасида кенг тарқалган касалликларни камайтириш бўйича алоҳида дастур қабул қилиниши маълум қилган эди.
Эътиборлиси, режалаштирилган ушбу ислоҳотлар тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадлар орқали янада мустаҳкамланди. Бирламчи тизимда аҳолига малакали хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга энг муҳим масалалардан бири сифатида қаралиб, устувор вазифалар қаторида бўлган касалликларни эрта аниқлаш ва профилактикасини амалга ошириш учун қуйидагилар белгилаб қўйилди:
- дори-дармонга ажратилган маблағлар 3 баробарга оширилади ва аҳолига 74 турдаги дори воситалари оилавий шифокор орқали бепул берилади;
- хонадонбай тиббий профилактика кучайтирилиб, 40 ва ундан катта ёшдаги аҳолини онкологик, буқоқ, қандли диабет ва юқори қон босими, инсульт, инфаркт касалликларини эрта босқичларда аниқлаш йўлга қўйилади;
- 30-55 ёшдаги аёллар орасида бачадон бўйни ва 45-65 ёшдаги аёллар ўртасида сут бези саратонини эрта аниқлаш учун текширувлар ўтказилади;
- қон босими ортиши аниқланган 200 мингдан зиёд аҳолига эналаприл (Enalapril) дори воситаси оилавий шифокор орқали бепул тарқатилади;
- қандли диабет аниқланган беморлар инсулинлар ва метформин дори воситаси билан бепул таъминланади.
Бирламчи бўғинда ечимини топиши керак бўлган яна бир масала – тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш ва қулайлигини оширишдан иборат. Гап шундаки, бир пайтлар қишлоқ врачлик пунктларининг умумий амалиёт шифокорлари зиммасига шу қадар кўп вазифалар юклатилган ва бу тизимда тиббий хизмат сифати кескин пасайиб кетишига сабаб бўлган.
Ўйлаб кўрайлик, 146 турдаги касалликка ташхис қўйиш ва даволаш, 213 турдагисига бирламчи диагноз қўйиш ва йўлланма бериш, реабилитация, диспансеризация ва профилактика бўйича жуда кўп вазифаларни биргина амалиёт шифокорининг ўзи уддалай олмаслиги табиий, албатта. Яқин йиллардаги ислоҳотлар, жумладан, умумий амалиёт шифокори мутахассиси оилавий шифокор, қишлоқ врачлик пункти оилавий шифокор пункти, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникаси эса оилавий поликлиникага айлантирилиши ҳамда бошқа кўплаб янгиланишлар натижасида тиббиётнинг бирламчи бўғини тўғридан-тўғри бемор билан ишлайдиган, касалликларни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизим сифатида шакллантирилди.
Янги тараққиёт стратегиясида бу борадаги ишларни давом эттириш ва тизимни янада такомиллаштириш мақсад қилинган. Хусусан:
- 2022-2023 йилларда 61 та оилавий поликлиника, 215 та оилавий шифокор пункти ташкил этилади;
- олис, чекка ва чегара ҳудудларда ҳамда кам сонли аҳоли яшайдиган маҳаллаларда тиббий пунктлар ташкил этилади;
- Наманган вилоятининг Поп тумани Имомота маҳалласининг 1 минг 600 нафар аҳолисига энг яқин поликлиника 8 километр узоқликда жойлашган. Мазкур маҳаллада оилавий поликлиника ўрнига тиббий пункт ташкил этилиши режалаштирилган.
Шунингдек, яна бир янгилик шундаки, ҳудудларда тиббий хизмат кўрсатиш барча йўналишлар бўйича бир жойда жамланиб, Наманган, Фарғона, Сирдарё, Қашқадарё, Навоий вилоятлари ва Тошкент шаҳрида тиббиёт кластерлари ташкил этилади.
Қашқадарёда болалар шифохонаси, туғруқ комплекси, скрининг маркази ҳамда репродуктив саломатлик марказларини ўзида мужассам этган комплекс — “Она ва бола” кластери барпо этилади. Натижада бола туғилганидан бошлаб, то 18 ёшга тўлгунга қадар битта жойда комплекс тиббий хизмат олиш имкони яратилади. Бундан ташқари, Тошкент вилоятининг Чирчиқ, Янгийўл, Олмалиқ, Нурафшон шаҳарлари ҳамда пойтахтимиздаги Шайхонтоҳур туманида поликлиника ва стационар муассасалар бирлаштирилган ҳолда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш учун қулайликлар яратилади.
![]()
46 та туманлараро перинатал марказлар ташкил этилади
Она ва бола соғлом бўлса, жамият соғлом бўлади! Бу – баландпарвоз гап эмас, балки вақт синовидан ўтган ҳаёт ҳақиқатидир. Шу боис юртимизда сўнгги йилларда оналар ва болаларнинг сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиши учун кенг замин яратиш, уларга ихтисослашган ва юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш, репродуктив саломатликни сақлаш, гўдаклар ва болалар ўлимининг олдини олиш мақсадида қатор қонунлар, Президент фармон ва қарорлари қабул қилинди.
Ҳозирги пайтда мазкур йўналишда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида перинатал, скрининг, репродуктив саломатлик ва диагностика марказлари, оилавий шифокор пункти ва оилавий поликлиникалар томонидан аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келинмоқда. Ҳомиладор аёллар саломатлигини доимий назорат қилиш натижасида ҳозирда 200 та кўп тармоқли марказий поликлиникадаги перинатал ташхис хоналарида уларнинг 90 фоиздан ортиғи ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлигида ультратовуш текширувидан ўтказиляпти. Эндиликда ҳам аёллар саломатлигини сақлаш республикамиз тиббиёт тизимининг асосий вазифаларидан бўлиб қолади.
Ёш авлодни соғлом вояга етказиш порлоқ келажакнинг мустаҳкам пойдеворини қуриш демакдир. Шунинг учун ҳам, Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида болалар саломатлиги муҳофазаси бўйича бир неча мақсадлар белгилаб қўйилган:
- туғуруқ комплексларида туғилган чақалоқларни бир ойгача муддатда парваришлашни янада такомиллаштириш мақсадида қўшимча равишда 46 та туманлараро перинатал марказлар ташкил этилиб, кадрлар, тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади;
Шунингдек, ўтган йили бошланган амалиёт, яъни 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларни бепул 7 турдаги витаминлар комплекси билан таъминлаш орқали соғлом авлоднинг вояга етишига замин яратилади. Жумладан:
- 10 ёшгача бўлган болалар ичак паразитлари(гижжа)га қарши препаратлар билан; 2 ёшгача бўлган болалар витаминларга бой қўшимчалар, 15 ёшгача бўлган болалар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар йод препарати билан таъминланади;
- 2 ёшгача бўлган болалар инфекцион касалликларга қарши 13 турдаги вакциналар (қизамиқ, кўкйўтал, менингит, диарея, гепатит Б, шол каби) билан эмланади.
Ихтисослаштирилган тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш – асосий мақсад
Бир инсон ички аъзосини бошқа одам танасига кўчириб ўтказиш яқин-яқингача мўъжизага қиёс этилган. Ҳозир ҳам бундай операциялар мураккаб жарроҳлик амалиёти ҳисобланса-да, аммо жаҳон тиббиёти учун оламшумул янгилик бўлмай қолди. Шунга қарамай, оғир хасталикдан азият чеккан юртдошларимиз яқин-яқингача жигар, буйрак, ўпка трансплантацияси, юрак соҳасидаги нозик операциялар учун илғор хорижий мамлакатларга даво истаб боришга мажбур эди. Бугун эса юртимизда тиббиётнинг кўплаб йўналишлари қатори хирургия соҳасида ҳам ўзгаришлар катта. Натижада деярли барча мураккаб операциялар Ўзбекистоннинг ўзида ўтказилмоқда.
Аҳолига юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишда ошкоралик, адолатлилик ва шаффофлик тамойиллари асосида замонавий талабларга жавоб берадиган самарали хизмат кўрсатиш тизимини шакллантириш, ордер бериш механизмини такомиллаштириш ва тўлиқ рақамлаштириш соғлиқни сақлаш тизими олдидаги асосий вазифалардан бири. Бу борада сезиларли ишлар амалга оширилди ҳам. Энди яна янги марралар кўзланмоқда.
Мамлакатимиз тиббиётининг тараққий этиши натижасида кўплаб мураккаб операциялар учун хорижга чиқишга эҳтиёж қолмаган бўлса, эндиликда аҳолини кўплаб оворагарчиликлардан халос этиш учун ҳудудларда ҳам ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатиш имкони яратилади. Шунинг учун ҳам пойтахтда бажарилаётган юқори технологик операцияларни вилоят ва туман даражасида амалга ошириб, аҳолининг ўзи яшаб турган ҳудудда хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш тараққиёт стратегиясининг ихтисослаштирилган тиббий хизмат йўналишидаги асосий мақсадларидан бири этиб белгиланган.
Бунинг учун бюджетдан 600 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 100 минг нафардан зиёд беморда вилоятнинг ўзида юқори технологик операциялар бажарилади.
Биргина буйрак кўчириб ўтказиш амалиётини олайлик. Маълумотлар мамлакатимизда 4000 нафардaн oртиқ бeмoр дaстурий гeмoдиaлизгa муҳтoж эканини кўрсатади. Сурункaли буйрaк eтишмoвчилигининг сўнгги бoсқичидa бўлгaн ҳaр бир бeмoр ҳaфтaсигa кaмидa 2-3 мaртa гeмoдиaлиз сeaнсини oлaди. Бу нaфaқaт тиббий, бaлки ижтимoий-иқтисoдий муaммo ҳaмдир. Юртимизда буйрaк трaнсплaнтaцияси ривожига давлат даражасида эътибор қаратиб келаётгани ҳам унинг нақадар муҳимлигини исботлайди.
Мисол учун ўтган йили Тошкентда 229 нафар беморда буйрак трансплантацияси ўтказилган бўлса, Наманган, Хоразм, Самарқанд, Сурхондарё вилоятларида бундай амалиётлар 30 нафар беморда бажарилган. Жорий йилда эса мамлакатимизнинг барча ҳудудларида буйрак трансплантацияси йўлга қўйилади.
Шунингдек, ўтган йили юрак нуқсони бўйича ўтказилган 7 мингдан ортиқ юқори технологияли жарроҳлик амалиётларининг 70 фоизи Тошкент шаҳрида бажарилган. Ваҳоланки, чекка ҳудудларда яшовчи аксарият фуқароларнинг юзлаб километр масофадан пойтахтга келиб даволаниб кетиши ортиқча оворагарчилик ва харажатларсиз кечмайди. Бундай ноқулайликни бартараф этиш мақсадида юрак нуқсонини даволаш билан боғлиқ амалиётлар ҳам жорий йилдан республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказилиши йўлга қўйилади.
Шунингдек:
- эҳтиёжманд аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш жараёнига хусусий тиббиёт муассасалари ҳам жалб этилади;
- ишончли, сифатли ва юқори технологик текширувларни амалга ошириш учун замонавий лабораториялар ташкил этилади.
Дастлаб, Тошкент шаҳрида тўлиқ, сўнгра вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасида 2 тадан ана шундай лабораториялар ишга туширилади.
Бундан ташқари, 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида тиббий суғурта тизими босқичма-босқич бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилиш ҳамда шу йилдан “оилавий шифокор” йўналиши бўйича мустақил фаолиятга рухсат бериш ҳам кўзда тутилган.
Истиқболли режалар, узоқни кўзлаб амалга ошириладиган ислоҳотлар ҳамиша долзарбдир. Айниқса, мамлакат имиджини кўрсатиб берувчи муҳим соҳалардан бири бўлган соғлиқни сақлаш тизими учун барқарор ривожланиш кафолати даражасидаги стратегия катта аҳамиятга эга. Ана шундай истиқболли режа ва мақсадлар замирида халқимизнинг тиббиёт тизимидан рози бўлиши, юртимизнинг барча ҳудудларида сифатли тиббий хизматдан фойдалана билиши учун зарар бўлган барча ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Аҳолининг ҳам, тизимда фаолият юритаётган ходимларнинг ҳам ортиқча оворагарчиликлардан халос бўлиши, энг қулай ва замонавий шароитларда даволаниши ҳамда фаолият юритиши мумкин бўлган тизимни шакллантириш учун йилдан йилга дадил одимлар ташланмоқда. Жорий йилда ҳам мамлакатимиз тиббиётида янги уфқлар очилиши, шубҳасиз.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати