Medical Express - Xalqaro tibbiy ixtisoslashtirilgan ilmiy va amaliy multimedia jurnali va assotsiatsiyasi

ССВ: Кам вазнли чақалоқлар муолажасида "кенгуру" усулидан фойдаланилади

927 просмотров
ССВ: Кам вазнли чақалоқлар муолажасида "кенгуру" усулидан фойдаланилади

ССВ Матбуот хизмати Тошкент шаҳар Перинатал марказининг неонатал хизмати бўйича директор ўринбосари Малика Усмонова билан кам вазнли болалар парваришида эътибор қаратилиши керак бўлган жиҳатлар хусусидаги суҳбатини давом эттиради.

— Муддатидан аввал туғилган чақалоқларни парваришлашда қандай усуллардан фойдаланилади?

— Бугунги кунда замонавий тиббиётда кенг қўлланилаётгани “кенгуру” усулидир. Мазкур усул бола тана ҳароратини бир меъёрда ушлаб туришда жуда муҳим. Бунда гўдак она ёки отасининг кўкрагига қўйилади. Катталарнинг барқарор тана ҳарорати янги туғилган чақалоқнинг тана ҳароратини назорат қилишга ёрдам беради. Уни бажариш вақти ўртача 1-3 соат давом этади. Шу билан бирга, “кенгуру” усулида бола яхши ухлайди. Шу боис унинг энергияси тана функцияларини яхшилашга йўналтирилади. Натижада чақалоқ тезроқ вазн йиғади. Қолаверса, кам вазнли гўдакнинг нафас олиш тизимидаги муаммоларни бартараф этиш, юрак уришини меъёрга келтириш, иммун тизимини мустаҳкамлашда ҳам бу усул яхши самара беради. Бир сўз билан айтганда боланинг териси ота-онасининг танаси билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиши ўртада физиологик ва психологик яқинликни таъминлайди.

— Бундай чақалоқларни она сути билан озиқлантирса бўладими?

— Эрта туғилган ва кам вазнли чақалоқларни она сути билан озиқлантириш бола саломатлигида муҳим аҳамият касб этади. Чунки, она сути инфекция, ошқозон бузилиши ва ривожланиши муаммоларини камайтиришга катта ёрдам беради. Лекин кам вазнли болаларда ошқозон ҳажми кичик, меъда-ичак тизими тўлиқ етилмаган ва сўриш рефлекси суст бўлгани боис улар тез-тез ва кам миқдорда махсус зонт орқали озиқлантирилади. Сут миқдори эса белгиланган меъёрга етгунига қадар аста-секин кўпайтириб борилади.

— Кам вазнли болаларни эмлаш мумкинми?

— Маълумки, вакцинация болаларни юқумли касалликлардан ҳимоя қилувчи энг яхши восита саналади. Бироқ агар бола хасталикка чалинган ёки сурункали касалликлар билан оғриса, вақтинча тиббий чеклов берилади. Шу билан бирга, кичик вазнли чақалоқларни эмлашда ҳам айрим чекловлар белгиланган. Боиси, бундай гўдакларнинг иммун тизими яхши ривожланмаган бўлиб, иммунитет ишлаб чиқариш вакцинацияга етарлича жавоб бера олмайди. Қачонки, боланинг вазни 1800 граммга етганда иммунолог билан маслаҳатлашган ҳолда миллий эмлаш календаридаги вакциналарни олишга рухсат берилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий телеграм канали — t.me/ssvuz 
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими @ssvmatbuotkotib

 

Будьте в курсе

Подпишитесь на дайджест Medical Express - новости, конференции и новые выпуски журнала.