МАМЛАКАТИМИЗ ТИББИЁТИ РАВНАҚИ ЙЎЛИДА УЛКАН ҚАДАМЛАР ТАШЛАНМОҚДА
Бугун давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизда инсон қадрини юксалтириш борасида олиб бораётган изчил ислоҳотлари, энг аввало, соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш, аҳолини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олишга қаратилмоқда.Сабаби, фақат соғлом инсонгина ҳаётнинг барча қувончу шодликларидан баҳраманд бўла олади.
Эътиборлиси, сўнгги йилларда юртимизда бу йўналишда катта ишлар қилинди. Аввало, соҳага ажратилаётган маблағлар ҳажми кескин оширилди. Биргина 2022 йилнинг ўзида тиббиёт тизимини ривожлантиришга бюджетдан 24 триллион сўм маблағ йўналтирилгани бунинг яққол тасдиғидир. Бу эса 2016 йилга нисбатан 4 баробар кўп маблағ демакдир.
![]()
Шунингдек, шифохоналар ва тез тиббий ёрдам пунктларини зарур дори-дармон ва асбоб-ускуналар билан таъминлаш, тиббиётнинг бирламчи бўғинида аҳоли учун сифатли тиббий хизмат турларини янада кенгайтириш борасида ҳам сезиларли ишлар амалга оширилди. Шу билан бирга, бугунги кунда хусусий тиббиёт тизими ҳам жадал ривожланиб боряпти. Тиббий таълим муассасалари сонини кўпайтириш, замонавий билим ва малакага эга кадрлар тайёрлаш, ҳудудларни малакали мутахассислар билан таъминлаш учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Аммо, халқимиз соғлиқни сақлаш тизимидан тўлақонли рози бўлиши учун ҳали кўп янгиланишларга эҳтиёж бор. Мамлакатимиз тиббиётидаги мавжуд муаммолар, ўз ечимини кутаётган оғриқли масалалардан юртдошларимиз яхши хабардор. Уларни тизимли равишда, тезкор ва самарали ҳал этиш йўллари эса ушбу соҳа вакилларига кўпроқ аён.
Бугун Президентимиз томонидан очиқлик сиёсати юритилиб, барча соҳаларда шаффофликни таъминлаш чоралари кўриляпти. Энг асосийси, бу жараёнда қуйи бўғиндан келиб тушаётган таклиф ва ташаббусларга кенг ўрин берилиб, уларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Тиббиёт тизимида самарали ўзгаришларни амалга оширишда янги ғоялар, илғор таклифлар ва креатив ёндашувлар зарур бўлгани боис, давлатимиз раҳбари соҳа вакиллари билан “Ўзбекистон тиббиёти — инсон қадри учун” мавзусида очиқ мулоқот ўтказди. Айтиш мумкинки, ушбу учрашув тиббиёт ходимларининг тизимдаги муаммолар юзасидан давлатимиз раҳбарига мурожаат қилиши учун энг яхши имконият бўлди. Мулоқотда ҳеч бир масала Президент эътиборидан четда қолмади.
Жорий йилнинг 18 март куни бўлиб ўтган ушбу юксак даражадаги тадбир олдидан олимлар, шифокорлар, ҳамширалар, фармацевтлар, санитария-эпидемиология хизмати вакилларининг ғоя ва таклифлари, мурожаатларини қабул қилиш мақсадида 1295 қисқа рақамли “Сall-марказ”ташкил этилиб, ижтимоий тармоқларда алоҳида электрон манзиллар очилди. Мурожаатларни қабул қилиш баробарида, жойларда тизим ривожига тўсиқ бўлаётган оғриқли масалаларга параллел равишда ечим топиб борилди.
Мамлакатимиз тарихида илк бор ўтказилган мазкур тадбирда соҳани янада ривожлантириш, тизимли муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари муҳокама қилиниб, тиббиёт ходимларининг таклифлари тингланди.
Таъкидлаш лозимки, очиқ мулоқотга тайёргарлик доирасида тиббиёт ходимлари ва аҳолидан 25 мингдан зиёд мурожаат ва таклифлар келиб тушди. Якунда улар таҳлил қилиниб, “Инсон қадри учун” деган эзгу ғоя асосида юртимиз соғлиқни сақлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш, халқимизга тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлиги ва сифатини оширишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Соҳадаги кўплаб муаммоларнинг оқилона ечимлари белгилаб берилди.
Пойтахтимиздаги Анжуманлар саройида ўтган учрашувда мингдан ортиқ, ҳудудларда ташкил этилган студияларда 20 мингга яқин тиббиёт ходимлари ва аҳоли вакиллари иштирок этди.
Таъкидлаш лозимки, мазкур тадбирга узоқ тайёргарлик кўрилиб, шифокорлар қаторида беморларнинг ҳам фикрлари сўралди. Қабул қилинган мурожаатларнинг 8 мингдан шахсий бўлиб, жойида ҳал этилди. Қолган 17 мингтасини эса тизимга оид масалалар ташкил этди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида уларни умумлаштириб, қуйидаги 7 та муҳим йўналишни кўрсатиб ўтди:
- бирламчи тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш;
- тез тиббий ёрдамни ривожлантириш;
- тиббиёт муассасаларининг шароитини яхшилаш;
- соҳа ходимларини моддий рағбатлантириш;
- шифохоналарни малакали кадрлар билан таъминлаш;
- жамиятда соғлом турмуш маданиятини ошириш;
- касалликларнинг олдини олиш.
Президентимиз бу йўналишларнинг ҳар бирига атрофлича тўхталиб, янги ташаббусларни илгари сурди.
Масалан, мурожаатларнинг 55 фоизи бирламчи тиббиёт муассасалари ҳақида бўлгани боис, келгусида жойларда поликлиникалар тармоғи янада кенгайтирилиши таъкидланди. Хусусан, 2 мингдан зиёд олис маҳаллаларда тиббиёт пунктлари ташкил этилиши белгиланди. Қолаверса, “Қишлоқ шифокори” дастури янада такомиллаштирилиб, чекка ҳудудларда фаолият олиб бораётган шифокорларнинг ойлик иш ҳақига 2 миллион сўмдан қўшимча устама ҳақ тўланиши ва уларнинг уй-жой сотиб олишига кўмаклашиш айтиб ўтилди.
![]()
Шунингдек, чекка ҳудудларда узлуксиз уч йил ишлаган шифокор клиник ординатурага имтиҳонсиз қабул қилинадиган ва нафақага чиққан тажрибали шифокорларга ўз уйида ёки ижара бинода беморларни даволашга рухсат бериладиган бўлди.
Иккинчи йўналишга асосан, тез тиббий ёрдам хизмати сифатини яхшилаш, уни аҳолига янада яқинлаштириш учун алоҳида дастур қабул қилиниши белгиланди. Унга кўра, яқин вақт ичида “103” тез тиббий ёрдам хизмати республика, вилоят, шаҳар ва туман даражасида ягона бошқарув тизимига бирлаштирилади. Қолаверса, эндиликда “Тез ёрдам” туман ёки вилоят чегарасига қараб эмас, балки беморгача бўлган масофанинг узоқ-яқинлигига қараб хизмат кўрсатади. 2022-2025 йилларда тез тиббий ёрдам тизимидаги барча эскирган машиналар замонавий автомобиллар билан алмаштирилади.
Бундан ташқари, тиббиёт муассасаларининг шароитларини яхшилаш бўйича ҳам улкан режаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Хусусан, сўнгги беш йилда юртимизда 2 мингга яқин тиббиёт муассасаси қурилиб, таъмирланган бўлса, келгусида бу ишлар давом эттирилиб, 1 минг 100 та шифо масканидаги шароитлар яхшиланади. Бирламчи бўғиндан бошлаб, тиббиётнинг барча соҳаларини рақамлаштириш бўйича дастур қабул қилинади. Икки йил ичида барча тиббиёт муассасалари янги компьютерлар билан жиҳозланади. Қоғозбозлик қисқартирилиб, замонавий услуб ва ускуналарда ишлашга ўтилади.
Тўртинчи йўналишда тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди. Унга кўра, жорий йил 1 июндан бошлаб тиббиёт ходимларининг ойлик маоши малака тоифасига қараб 15 фоизгача оширилади. Юқори технологик мураккаб операцияларни бажарган шифокорларга эса яна 25 фоиз миқдорида устама тўланиши белгиланди. Айниқса, барча тиббиёт ходимлари учун дастлабки ва даврий касбий тиббий кўрик бепул ўтказилиши муҳим янгиликлардан бири бўлди.
Бешинчи йўналиш ҳам соғлиқни сақлаш тизимидаги энг асосий масалалардан бири – соҳани малакали кадрлар билан таъминлашга қаратилган. Шу ўринда айтиш лозимки, бугунги кунда тизимдаги шифокорларнинг 45 фоизи, ҳамшираларнинг 40 фоизи малака тоифасига эга эмас. Кўп муассасаларда мутахассислар сони етишмайди. Шу боис, 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб тиббий олий ўқув юртларида давлат гранти асосидаги қабул квоталари ҳудудларда шифокорларга бўлган ҳақиқий эҳтиёждан келиб чиқиб, мақсадли ошириб борилади. Тиббиёт олийгоҳларида олти ойлик ихтисослашган курслар ташкил этилиб, оилавий шифокорларни ҳудудларда зарур мутахассисликлар бўйича мақсадли ўқитиш йўлга қўйилади. Барча тиббиёт коллежлари ва техникумлари олий таълим муассасаларига бириктирилади.
Сир эмаски, инсон саломатлиги кўп жиҳатдан турмуш тарзига боғлиқ. Шуни инобатга олиб, олтинчи йўналиш жамиятда соғлом турмуш маданиятини оширишга қаратилган.
Эътиборлиси, жорий йилдан бошлаб тиббий бригада, оилавий шифокор пункти ва поликлиникаларнинг иш самарадорлигини баҳолаш бўйича рейтинг тизими жорий қилинадиган бўлди. Шу билан бирга, фаолиятида ижобий натижаларга эришган тиббиёт ходимлари мукофотланиши, хусусан, улар учун “Халқ саломатлиги посбони” кўкрак нишони таъсис этилиши белгиланди.
![]()
Еттинчи йўналишда касалликларнинг олдини олиш вазифалари кўрсатиб ўтилди. Шу мақсадда тиббиёт тизими “маблағни бевосита беморга сарфлаш” тамойили асосида молиялаштирилиши белгиланди. Жумладан, тиббий суғурта тизими йил якунига қадар Сирдарё вилоятида, келгуси йилларда барча ҳудудларда йўлга қўйилиши таъкидланди. Тиббиёт соҳасида ягона тиббий маълумотлар базаси яратилиб, тиббий-иқтисодий, статистик ва аналитик таҳлиллар ўтказиш имконини берадиган миллий тизим жорий этилади.
Очиқ мулоқот юртимиз тиббиётининг ривожи учун энг катта туртки бўлди. Яқинда мулоқот доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида давлатимиз раҳбари 3 та муҳим қарорни имзолади. Булардан биринчиси “Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қароридир.
Унга кўра, тегишли қонун ҳужжатлари билан тасдиқланган оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларни ташкил этиш жадвалига мувофиқ, 2022 йилда 136 та янги оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар ҳамда 2023 йилда яна 140 та янги оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар фаолиятини йўлга қўйиш таъкидланган.
Қарорда белгиланишича, оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар маҳаллий ҳокимият органларининг асосланган таклифларига мувофиқ, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишган ҳолда ташкил қилинади. Ҳудудларда оилавий шифокор пунктлари тармоғини янада кенгайтириш учун 2023 йил 1 январдан бошлаб жойлардаги оилавий поликлиника филиаллари негизида оилавий шифокор пунктлари ташкил этилади. Оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиника ва туман-шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаларида кундузги стационарларнинг иш вақти соат 20:00 га қадар узайтирилади ҳамда уларда ишловчи тиббиёт ходимлари учун 2022 йил 1 июндан бошлаб қўшимча устама ҳақи белгиланади. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларидан йироқда жойлашган маҳаллаларда 2022 йил 1 майдан бошлаб маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этилади.
Аҳолининг профилактик тиббий кўриклари, скрининг дастурлар
ва патронаж хизмати фақат Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган тартибга мувофиқ ва белгиланган муддатларда амалга оширилади, бошқа ташкилотларнинг ушбу жараёнга аралашувига йўл қўйилмайди.Туман ва шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаларида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизмат турларидан ташқари хизмат турларини пуллик асосда ташкил этишга рухсат берилади. Пуллик хизматлардан келиб тушган маблағларнинг 75 фоизгача бўлган қисми туман ва шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаларининг тиббиёт ходимларини рағбатлантиришга йўналтирилади.
![]()
Қарорда, шунингдек, 2022 йил 1 июлдан бошлаб олис ва чекка ҳудудларда оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар шифокорлари учун янгиланган “Қишлоқ шифокори” дастури қабул қилиниши белгиланди.
Унга кўра, олис ва чекка ҳудудлардаги оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда фаолият юритаётган барча шифокорларнинг ойлик иш ҳақига қўшимча 2 миллион сўм миқдорда ойлик устама белгиланади ҳамда уларга ипотека асосида уй-жой сотиб олишда уй-жой қийматининг 50 фоизигача бўлган қисми, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баробаридан ошмаган миқдорда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади. Олис ҳудудларда узлуксиз уч йил ишлаган шифокорлар клиник ординатурага тест синовларисиз қабул қилинади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги учун янгиланган олис ва чекка ҳудудлар рўйхати тасдиқланади. Унга кўра, ҳокимият органларига оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалардаги шифокорларга бўлган талабни маҳалла кесимида аниқлаш, шифокорларни жалб этиш ва эҳтиёжга кўра келгусида уларга уй-жой ажратиш вазифаси юкланди. 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб шифокорларнинг якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритишга рухсат берилади. Улар учун алоҳида тиббиёт муассасаси очиш талаб этилмайди ва ушбу тоифадаги шифокорларга ўз уйида ёки ижарага олинган бинода тиббий хизматлар кўрсатишга рухсат берилади. Бундай шифокорлар томонидан ўзига бириктирилган аҳолига бепул кўрсатиладиган хизматлар учун тўлов Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали берилади. Якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритиш тажрибаси дастлаб 2022 йил якунига қадар Сирдарё вилоятида, кейинчалик эса босқичма-босқич бошқа ҳудудларда жорий этилади.
2022 йил 1 августдан бошлаб оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларнинг иш самарадорлигини баҳолаш бўйича янги рейтинг тизими жорий қилинади. Бунда, ҳудудда ортиқча вазндан халос бўлиш, тўғри овқатланиш тамойилларига риоя этиш, жисмоний фаолликни ошириш, инфаркт, инсульт, қандли диабет, онкология каби касалликларнинг олдини олиш борасидаги кўрсаткичлар асосий мезонлар бўлади.
Ҳар олти ойда ижобий кўрсаткичларга эришган тиббиёт ходимлари рағбатлантирилади ҳамда энг яхши натижа кўрсатган тиббиёт муассасаси мукофот ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Ушбу тизим 2022 йилда Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги 11 та ҳамда Наманган вилоятининг Уйчи туманидаги 12 та оилавий шифокор пункти ва оилавий поликлиникаларда, 2023 йилдан бошлаб эса босқичма-босқич барча ҳудудларда жорий этилади.
Президентимиз қарорига кўра, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб тиббиёт тизими раҳбарларининг Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳисобот бериши тартиби жорий қилинади. Эндиликда туман ва шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси, оилавий поликлиникалар ҳамда оилавий шифокор пунктлари мудирлари маҳалла фуқаролар йиғинларида, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларида, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари Халқ депутатлари вилоят кенгашларида ҳисобот беради.
Шунингдек, 2022 йил 1 октябрга қадар бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларидаги тиббий жиҳозлар хатловдан ўтказилади. Жумладан, носоз тиббий жиҳозларни аниқлаб, уларни соз ҳолатга келтириш ёки янгисига алмаштириш учун зарур маблағлар ҳисоб-китоб қилинади. 2022 йилда тиббий жиҳозлар ҳисоби ва назоратини юритиш бўйича электрон платформа Сирдарё вилоятида тажриба тариқасида, кейинчалик мазкур тажриба натижалари бўйича 2023 йилдан бошқа ҳудудларда босқичма-босқич татбиқ этилади.
Президент қарорига асосан, 2022 йил 1 ноябрга қадар давлат томонидан аҳолига кўрсатиладиган бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари ҳажми тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш имконини берувчи мобил илова ишга туширилади. 2022 йил якунига қадар Андижон, Бухоро ва Хоразм тиббиёт олий таълим муассасалари клиникаларининг нейрохирургия бўлимлари негизида юридик мақомга эга бўлмаган ҳудудлараро нейрохирургик марказлар ташкил қилинади.
Ўз маҳалласида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилган, шахсий
намуна кўрсатган тиббиёт ходимлари ва жамоатчилик вакиллари учун “Халқ саломатлиги посбони” кўкрак нишони таъсис этилади. Бундан ташқари, 2022 йил 1 июндан бошлаб қон билан бевосита ишлаётган давлат тиббиёт муассасалари ходимларини гепатит “В” касаллигига қарши бепул эмлаш амалиёти жорий этилади. Шунингдек, ҳар йили 1 000 нафаргача имтиёзга эга бўлмаган, узоқ йиллар давомида давлат тиббиёт муассасаларида меҳнат қилаётган бемор тиббиёт ходимларига Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан юқори технологик операцияларни ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади.
Давлатимиз раҳбарининг тиббиёт соҳаси вакиллари билан “Ўзбекистон тиббиёти — инсон қадри учун” мавзусида ўтказилган очиқ мулоқотида белгиланган топшириқ ва вазифаларни амалга ошириш мақсадида Президентимиз томонидан имзоланган яна бир ҳужжат “2022–2026 йилларда оналик ва болаликни муҳофаза қилишни кучайтириш тўғрисида”ги қарордир.
Унда Нукус шаҳрида “Болалар тиббиёт кластери”ни ташкил этиш, Қорақалпоғистон Республикаси болалар кўп тармоқли маркази, Қорақалпоғистон тиббиёт институти клиникаси ва Болалар стоматология поликлиникаси мазкур тиббиёт кластери таркибига киритилиб, ягона бошқарувни йўлга қўйиш, “Болалар тиббиёт кластери” биносини 2023 йил якунига қадар фойдаланишга топшириш каби муҳим вазифалар белгиланган.
Шунингдек, янгидан ташкил этилаётган 46 та туманлараро перинатал марказларда 6 ўриндан кам бўлмаган чақалоқлар реанимацияси бўлимлари фаолияти йўлга қўйилади. 2022 йил 1 майдан бошлаб туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари, шунингдек, Тошкент шаҳри оилавий поликлиникаларида болалар бўлимлари очилади. Ушбу бўлимлар мавжуд штат бирликлари доирасида шакллантирилади ва унда педиатрия йўналиши бўйича барча тор соҳа мутахассислари, мактаб ўқувчилари учун хизмат кўрсатувчи шифокор-педиатрлар, болалар шифокор-гинекологи, уларга тааллуқли ўрта тиббиёт ходимлари, вакцинация хонаси ходимлари, “тиббиёт бригадалари”даги педиатрия ҳамширалари фаолият юритади. Туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида амалдаги штат бирликлари доирасида болалар анестезиология-реанимация бўлимлари ҳамда туну кун шошилинч тиббий ёрдам кўрсатувчи педиатрия постлари иш бошлайди.
Ушбу қарор асосида, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида болаларда ирсий-генетик, шу жумладан орфан касалликларни эрта ташхислаш бўйича Референс лаборатория ва ҳудудларда унинг 17 та минтақавий лабораторияси ташкил этилади. Республика перинатал маркази, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар перинатал марказлари ва болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида 2022–2023 йилларда жами 29 та шошилинч перинатал ҳамда шошилинч педиатрик мобиль навбатчи реанимацион бригадалар фаолияти йўлга қўйилади. Янги туғилган чақалоқларда эшитиш нуқсонларини эрта аниқлашга қаратилган аудиоскрининг тадбирлари Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари ва ҳудудлардаги барча туғруқ комплексларида ташкил этилади. Аудиоскрининг тадбирлари натижаларини таҳлил қилиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ташкил этиладиган электрон кузатув (трекинг) марказлари жиҳозланади.
Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг “2022–2026 йилларда оналик ва болаликни муҳофаза қилишни кучайтириш тўғрисида”ги қарорига кўра, оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар ҳамда туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари томонидан болалар ҳамда ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёлларни янада сифатли тиббий хизмат билан тўлиқ қамраб олиш учун 2022 йил 1 июлдан бошлаб “тиббиёт бригадалари” таркибига қўшимча 3 600 та, 2023 йил 1 январдан бошлаб яна қўшимча 4 900 та ўрта тиббиёт ходимлари (педиатрия ҳамшираси ва доя) штатлари ажратилади.
Республика гематология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказлари ҳудудида илик кўчириш амалиётини йўлга қўйиш мақсадида 2022 йилда янги махсус амалиёт комплекс биносини қуриш ва жиҳозлаш учун Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармасидан зарур маблағлар ажратилади. 2022 йил 1 майдан бошлаб Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанаётган бемор болаларга қаровчи шахслар (ота-оналар ва бошқалар) овқатланишини бепул қилиш амалиёти жорий этилади. 2022–2025 йиллар давомида 227 та туғуруқ комплекси ва 46 та туманлараро перинатал марказларни тўлиқ таъмирлаш ва жиҳозлаш учун халқаро молия институтларининг грант ва кредит маблағлари жалб қилинади.
Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларга ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қиладиган яна бир ҳужжат Президентимизнинг “Спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган бемор болалар учун тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва дори воситаларини бепул етказиб бериш тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридир. Мазкур ҳужжатда ҳам муҳим вазифалар ўрин олган.
— Биз халқимиз саломатлиги учун ҳар қанча маблағ ва куч-имконият сарфлашга тайёрмиз. Шахсан мен учун халқимиз саломатлиги ҳамма нарсадан устун ва қадрли, — дея таъкидлаган эди очиқ мулоқотда Президентимиз.
Дарҳақиқат, юртимиз тиббиёт тизимини ривожлантириш учун улкан қадамлар ташланмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.