ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ТИББИЁТИ халқнинг розилиги учун хизмат қилмоқда
Таъкидлаш лозимки, мазкур учрашувда Президентимиз томонидан соғлиқни сақлаш соҳасини янги босқичга олиб чиқиш бўйича бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди. Шунингдек, уларни ўз вақтида бажариш учун соҳа масъулларидан тортиб, бирламчи бўғин мутахассисларигача бир ёқадан бош чиқариб, Янги Ўзбекистоннинг янги тиббиётини барпо этиш лозимлиги қайд этилди.
Барча имкониятлар бир мақсад учун
Сир эмас, бугунги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида тиббий ресурслар бир хил тақсимланмаган. Шу боис ҳам кўпчилик юртдошларимиз узоқ йиллар ўз дардига даво излаб марказга интилиб келган. Бу эса ўз навбатида, узундан узоқ навбатларга сабаб бўлар эди.
Эътиборлиси, бугунги кунга келиб, соҳадаги ана шу муаммолар босқичма-босқич ижобий ҳал этилмоқда. Очиқ мулоқотдан кейин Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳудудларда бошланган сайёр тиббий қабуллар айни шу масалага ечим топиш мақсадида амалга оширилмоқда.
Хусусан, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё, Фарғона, Бухоро, Хоразм ва Навоий вилоятларида ўтказилган соғломлаштириш акцияси ва сайёр тиббий қабулларни фуқаролар байрамдек қарши олишди. Тўғри-да, беморнинг ёнига шифокор ўз оёғи билан борса, кунлару ойлар қадар чўзиладиган сарсонгарчиликлардан халос бўлса, моддий имконияти чекланган ва оилавий шароити оғир беморларда давлат ҳисобидан энг замонавий жарроҳлик амалиётлари ўтказилса, хасталар ва унга парвона бўлган яқинлари учун хурсандчилик эмасми?!
Аслида хасталикнинг ҳар қандай тури — мураккаб синов. Ўз вақтида ва тўғри муолажа қилинмаса, кичик жароҳат ҳам оғир асоратларга сабаб бўлиши мумкин. Аммо оғриқлардан оҳ чекиб, дардига дармон тополмай, ноумид шифтга термулиб ётган ёки туғма нуқсонлари туфайли тузалишдан батамом умидини узган оғир беморлар борки, давлатимиз, биринчи навбатда, ана шундай юртдошларимиз ҳузурига бориб, уларга тиргак бўлишни, шифо ва меҳр улашишни мақсад қилган.
Она ва бола саломатлиги — келажак кафолати
Саломатлик ҳақида сўз кетса, кўз ўнгимизда, аввало, оналар ва болалар гавдаланади. Чунки улар табиатан ҳимоя ва кўмакка муҳтож. Аммо шу пайтгача юртимиздаги 227 та туғуруқ муассасаси замонавий тиббий ускуналар билан етарли даражада таъминланмагани, мавжудлари маънан эскиргани сабабли охирги 10 йилда оналар ва гўдаклар ўлимининг интенсив кўрсаткичи деярли ўзгаришсиз қолаётган эди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Президентимиз томонидан имзоланган “2022 – 2026 йилларда оналик ва болаликни муҳофаза қилишни кучайтириш тўғрисида”ги қарор бу йўналишдаги барча масалалар ечимини қамраб олди. Ҳужжатга биноан, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида болалар анестезиология-реанимация бўлимлари ҳамда туну кун шошилинч тиббий ёрдам кўрсатувчи педиатрия постлари ташкил этилиши ҳам болалар саломатлиги ҳамда ҳаётини асраш борасида муҳим қадам бўлди.
Қарорга мувофиқ, шу йил 1 майдан туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари ва Тошкент шаҳар оилавий поликлиникаларида болалар бўлими ташкил этилиб, унинг таркибида педиатрия йўналишидаги барча мутахассислар фаолият юрита бошлади. Ҳужжатга асосан, Республика перинатал маркази, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар перинатал марказлари ва болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида жами 29 та шошилинч перинатал ҳамда шошилинч педиатрик мобиль навбатчи реанимация бригадалари ташкил этилиши муҳим янгиликдир.
Спинал мушак атрофиясини олайлик. Ушбу камёб ирсий касаллик онанинг ҳомиладорлик вақтида болада вужудга келади. Энг ёмони, хасталик ўз вақтида, яъни 6 ой ичида даволаниши зарур. Акс ҳолда бундай беморларнинг тенг ярми 2 ёшга етгунича вафот этади. Юртимизда 77 нафар болада ушбу касаллик таҳлил намуналари тасдиқланган. Уларнинг 24 фоизи қариндошлар ўртасидаги никоҳ оқибатида, 40 фоизи эса икки ва ундан кўп спинал мушак атрофияси билан туғилган болали оилалар ҳамда 36 фоизи ота ҳам, она ҳам ушбу ген ташувчиси бўлган оилаларда дунёга келган. Аммо бугунги кунга қадар спинал мушак атрофияси билан касалланган беморларга тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича бир қатор долзарб масалалар ўз ечимини кутаётган эди. Эътиборлиси, Президентимизнинг “Спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган бемор болаларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва дори воситаларини бепул етказиб бериш тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан бундай муаммолар ечимини топадиган бўлди.
Унда никоҳланувчи шахслар ўз ҳисобидан молекуляр-генетик тестдан ўтказилиши белгиланган. Шунингдек, спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган бемор болаларни даволаш учун маблағларни жамлаш, шу жумладан, хайрия ва ҳомийлик маблағларини жалб қилиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган бемор болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилиб, унинг маблағлари спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган бемор болаларни дори воситалари билан даволаш, тиббий, реабилитацион, паллиатив, шу жумладан, юқори технологик ихтисослашган амалиёт тадбирларини молиялаштиришга йўналтириладиган бўлди.
Шу билан бирга, ҳужжатда спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган бемор болаларнинг патогенетик терапияси учун зарур дори воситаларининг хариди Давлат бюджети ҳамда Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Ушбу мақсадлар учун 2022 йилда Давлат бюджети ҳисобидан қўшимча 85 миллиард сўм ҳамда Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан 30 миллиард сўм ажратилади.
Бирламчи бўғин: оғриқли муаммоларнинг оқилона ечими
“Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори бирламчи тиббиёт муассасалари раҳбарларию ходимларининг зиммасига катта масъулият юклагани билан бир қаторда уларга кўпдан кўп енгиллик ва имтиёзлар бергани билан ҳам аҳамиятли.
Замонавий тиббиётда касалликлар профилактикаси асосий масалага айланмоқда. Қолаверса, эрта босқичда аниқланган хасталиклар муолажанинг самарали бўлишини таъминлайди. Бирламчи тизим шу жабҳада ўз сўзини айта олса, юртимизда турли оғир даражадаги касалликларни даволаш учун ортиқча ресурсларни сарфлашдан халос бўлади. Бу нафақат тиббиёт ривожига, балки давлат иқтисодиётига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Шунинг учун ҳам тиббиёт тизими раҳбарларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳисобот бериш тартиби жорий қилингани айни муддао бўлди. Бу билан энди халқнинг ўзи бирламчи тизим раҳбарларининг фаолиятига баҳо бера олади.
Шунингдек, қарорга биноан, тегишли қонун ҳужжатлари билан тасдиқланган оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларни ташкил этиш жадвалига мувофиқ, 2022 йилда 136 та янги оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар ҳамда 2023 йилда яна 140 та янги оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар фаолиятини йўлга қўйиш таъкидланган.
Ҳудудларда оилавий шифокор пунктлари тармоғини янада кенгайтириш учун 2023 йил 1 январдан бошлаб жойлардаги оилавий поликлиника филиаллари негизида оилавий шифокор пунктлари ташкил этилади. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларидан йироқда жойлашган маҳаллаларда 2022 йил 1 майдан бошлаб маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этилгани диққатга сазовордир.
Ҳужжатда туман ва шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаларида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизмат турларидан ташқари хизмат турларини пуллик асосда ташкил этишга рухсат берилади; пуллик хизматлардан келиб тушган маблағларнинг 75 фоизгача бўлган қисми туман ва шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаларининг тиббиёт ходимларини рағбатлантиришга йўналтириш белгиланди.
2022 йил 1 июлдан бошлаб олис ва чекка ҳудудларда оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар шифокорлари учун янгиланган “Қишлоқ шифокори” дастури қабул қилинди.
Оперативлик ҳам, самарадорлик ҳам ошади
Бугунги кунда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги филиалларида барча турдаги мураккаб операциялар ўтказилмоқда. Соҳадаги янгиланишлар тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятида ҳам акс этяпти. Хусусан, охирги йилларда “Тез ёрдам”да битта чақириққа дори-дармон учун ажратилаётган маблағ 500 сўмдан 6500 сўмга оширилди. Шу билан бирга, мамлакатимизда 2016 йилда 800 та “тез ёрдам” шохобчаси ва 1 минг 890 та тез тиббий ёрдам бригадаси фаолият юритган бўлса, айни пайтда уларнинг сони мос равишда 1 минг 666 та ва 2 минг 824 тага етказилди.
Тез тиббий ёрдам бригадалари дислокацияси ҳам қайта кўриб чиқилиб, аҳоли яшаш пунктларига яқинлаштирилди. Натижада тез тиббий ёрдам бригадаларининг кечикиши 10-12 фоиздан 1-2 фоизгача камайди. Муҳими, оперативлик билан бирга натижадорлик ҳам ошди.
Юртбошимиз томонидан қабул қилинган “Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарор соҳа ривожи учун янада кенг имкониятлар яратди. Жумладан, қарорга кўра, Республика тез тиббий ёрдам маркази ва унинг 14 та ҳудудий филиаллари тез тиббий ёрдам хизмати ҳамда тиббий автохўжаликлар негизида ташкил қилинади ва тез тиббий ёрдамнинг ягона вертикал бошқарув тизими йўлга қўйиладиган бўлди.
Марказ Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги тез тиббий ёрдам фаолиятини республика бўйича мувофиқлаштиради ва назорат қилади. Бундан ташқари, 2023 йил 1 сентябрга қадар Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Молия вазирлигининг тез тиббий ёрдам бўйича электрон автоматлаштирилган бошқарув тизими Тошкент шаҳри тажрибаси асосида республиканинг бошқа ҳудудларида тўлиқ жорий қилинади.
Бунда, 2022 йил 1 декабрга қадар: Андижон, Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари; 2023 йил 1 сентябрга қадар: Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Сирдарё, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятлари туман (шаҳар)ларидаги диспетчерлик хизматлари тугатилиб, Тошкент шаҳри тажрибаси асосида Марказнинг ҳудудий филиалларида ягона “Call-марказ”лар фаолияти йўлга қўйилади.
Шунингдек, қарорда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Республика шошилинч тиббий ёрдам ўқув-машғулот маркази Республика тез тиббий ёрдам маркази ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш мактаби этиб қайта ташкил этилиши ва Республика тез тиббий ёрдам маркази тасарруфига ўтказилиши белгиланган. Тез тиббий ёрдам хизматини ташкил этиш ва рақамлаштириш учун Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан камида 85 миллиард сўм миқдордаги маблағ Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади. Қолаверса, Жаҳон банки шошилинч хизматларни ривожлантириш лойиҳаси доирасида 5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар тез ва шошилинч тиббий ёрдамни рақамлаштириш тадбирларига йўналтирилади.
Марказий туман (шаҳар) шифохоналаридаги шошилинч тиббий ёрдам бўлимларидаги шифо ўринлари педиатрия, терапия ва хирургия бўлимлари таркибига ўтказилиб, беморларни оғирлик даражаси бўйича саралайдиган (триаж) туну-кун ишлайдиган шошилинч қабул бўлимлари; Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг ҳудудий филиаллари ҳамда барча туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларида шошилинч қабул бўлимлари; Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги 1-сон, Яшнобод туманидаги 4-сон, Юнусобод туманидаги 7-сон шаҳар клиник шифохоналари ҳамда Учтепа туманидаги шаҳар тез ёрдам шифохонаси таркибида алоҳида юридик мақомга эга бўлмаган туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилади.
Ихтисослаштирилган тиббий хизмат ҳар қачон долзарб
Мамлакатимизда 2016 йилгача ихтисослашган марказлар 10 та ва ҳудудлардаги филиаллари 2 та эди, холос. Бугунги кунга келиб, 24 та ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, ҳудудларда уларнинг 269 та филиаллари ташкил қилинди. Натижада ҳудудлардаги юқори технологик операциялар улуши 55 фоизигача етказилди.
Марказлар томонидан 2021 йилда амалга оширилган илмий изланишлар натижасида 100 дан ортиқ турдаги юқори технологик ташхислаш ва даволаш услублари ишлаб чиқилиб амалиётга татбиқ этилди.
Имтиёзли тоифага кирувчи беморларни марказларда даволаниши учун Давлат бюджетидан 600 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилиши жорий йилда 80 минг нафар беморни даволаш имкониятини яратди. Натижада хорижий давлатлар тиббиётига мурожаат қилаётган беморлар сонининг 29 фоизга қисқаришига эришилди. Жарроҳлик амалиётларининг турлари республика марказларида 350 турга, вилоят марказларида 130 турга, туман марказларида 60 турга кўпайди.
Аҳолига кўрсатилаётган ихтисослашган тиббий хизматлар кўлами кенгайтирилди. Сўнгги беш йилда Хирургия ва Шошилинч тез ёрдам марказларида Буйрак ва жигар трансплантацияси жарроҳлик амалиёти йўлга қўйилиб, 700 нафардан ортиқ беморда буйрак, 17 нафар беморда жигар трансплантацияси муваффақиятли амалга оширилди.
2021 йилда Қорақалпоғистон Республикасида 8 та, Самарқанд ва Наманган вилоятларида 11 тадан, Сурхондарё вилоятида 5 та, Навоий вилоятида 4 та, Бухоро вилоятида 3 та, Хоразм вилоятида 2 та — жами 44 нафар беморда буйрак трансплантацияси амалга оширилди. Бу амалиёт 2022 йил якунига қадар барча ҳудудларда йўлга қўйилиши кўзда тутилган.
Ҳозирда юртимизда йилига 500 нафар туғма юрак нуқсони бўлган бемор болаларни замонавий усулда (окклюдер) даволаш йўлга қўйилди. Гематология маркази, Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунология марказида суяк кўмиги ўзак ҳужайраларини кўчириб ўтказиш амалиёти жорий этилди. Ҳудудлардаги юқори технологик операцияларнинг улуши 55 фоизигача етказилди. Марказлар хорижий клиникалар, ҳудудий филиаллар ҳамда тиббиётнинг бирламчи бўғини билан телетиббиёт тизими орқали узвий боғланиб, олис ҳудудлардаги беморлар учун юқори малакали мутахассисларнинг масофавий маслаҳатлари ташкил қилинмоқда.
Гематология маркази, Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунология маркази ва Болалар миллий тиббиёт марказларига янги бино иншоотлар фойдаланишга топширилди. Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга квота асосида ордер бериш тартиби бекор қилиниб, янги механизм асосида уларни даволанишга йўллаш тизими жорий этилди.
Бунинг натижасида имтиёзли тоифага кирувчи беморларнинг даволаниши тўлиқ Давлат томонидан кафолатланди, қолаверса, имтиёзли беморларни хусусий шифохоналарда даволаниш имконияти ҳам яратилди.
Хусусий сектор ривожи соғлиқни сақлаш имкониятларини кенгайтиради
Масалан, “Тиббиётда хусусий сектор фаолиятига қўшимча қулайликлар яратиш ва соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент Фармони очиқ мулоқотдан сўнг қабул қилинган соҳага оид дастлабки ҳужжат бўлди. Унда замонавий тиббий хизматлар кўламини кенгайтириш, нодавлат тиббиёт ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш кабилар мақсад қилиб олинган.
Фармонда юқори малакали ва малакали мутахассислар тоифасига кирмайдиган бошқа чет эл фуқароси бўлган шифокорлар учун юртимиз ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома берганлик учун йиғим миқдори 6 бараварга камайтирилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида ундириилиши; мамлакатимизга қисқа муддатга (бир ойгача), шу жумладан, диагностика ҳамда даволаш амалиётларини бажариш, тажриба алмашиш дастурлари, маҳорат дарслари ўтказиш ва маърузалар ўқиш, ходимлар малакасини ошириш мақсадида келаётган чет эл мутахассисларига Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома олишни талаб этмаслик; Ўзбекистонда доимий яшаш жойига эга бўлмаган хорижий фуқаролар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслардан даволаш муассасалари томонидан ундириладиган туристик (меҳмонхона) йиғимини бекор қилш; даволаш муассасалари (бундан санаторий ва пансионатлар мустасно) учун туристик хизматларни сертификатлаштиришга бўлган талабни бекор қилиш кабилар белгиланди.
Шунингдек, ҳужжатга мувофиқ, юртимиздаги нодавлат тиббиёт ташкилотларида тиббий олий таълим муассасаларининг клиник базаларини ташкил этиб, уларда шифокор ва ҳамширалар малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлаш йўлга қўйиладиган бўлди. Қолаверса, Фармонда малака тоифаларини бериш бўйича ҳам сўз борган. Жумладан, малака тоифаси олиш учун талаб этиладиган иш стажи муддати қисқартирилиб, тоифасиз тиббиёт ходимларига — 3 йил, биринчи тоифа учун — 5 йил, олий тоифа учун — 7 йил этиб белгиланди.
Бу ҳужжатлар тиббиётнинг маълум бир йўналишида аниқ ҳаракатлар режасини белгилаб бераётгани билан аҳамиятли.
Янги қонуний тартиб
Йил бошидан бери соғлиқни сақлаш соҳасига оид қонунчиликдаги энг инқилобий ҳодиса — “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниши бўлди.
Бунга қадар мамлакатимизнинг тажрибали мутахассислари пойтахт ва барча вилоят марказларида трансплантация амалиётларини ўтказишни йўлга қўйиб улгурган эди. Аммо шу пайтгача юртимизда трансплантация амалиётларининг ҳуқуқий асоси яратилмай қолаётгани соҳа мутахассисларини ўйлантираётган эди.
Ушбу ҳужжат 4 та боб ва 26 та моддадан ташкил топган. Унда трансплантацияни амалга ошириш мақсад ва шартлари, трансплантация объектлари, донорлар доираси (тирик ва ўлганлар), донор ва реципиентнинг ҳуқуқлари, тирик ва ўлган донорлардан аъзо ва тўқималарини олиш шартлари белгилаб қўйилган.
Ҳужжатга асосан, тирик донордан ёки инсон мурдасидан олинган инсон аъзолари ва (ёки) тўқималари трансплантация объектлари бўлиши мумкин. Уларнинг рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши соҳанинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштиришга, аҳолининг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий ҳимоясига қаратилган давлат сиёсатини амалдаги қонунчилик асослари билан тўлдиришга имконият яратади. Қолаверса, ушбу ҳужжат касалланиш ва инсон аъзоларидаги қайтариб бўлмайдиган жараёнлар туфайли ўлимга олиб келувчи ҳолатларни қисқартиришга хизмат қилади.
Айтиш керакки, кўп йиллар давомида трансплантация йўналиши бўйича қонунчилик асослари яратилмагани трансплантологиянинг клиник фан сифатида тўхтаб қолишига ҳамда касалликларга чалинган беморлар ҳаётини сақлаб қолиш имкониятининг йўқотилишига олиб келди.
Бу вазиятда баъзи беморлар бу турдаги амалиётларни қимматлигига қарамай, хориж тиббиёт муассасаларида ўтказишига мажбур бўлиб, чет элларда даволанишда турли машаққатларга дуч келиши, катта миқдордаги харажатлар қилиши керак эди.
Биламизки, инсоннинг жуфт бўлмаган аъзолари (юрак, жигар, ошқозоности бези ва бошқа аъзолар)ни фақат мурдадан олиш имконияти мавжуд. Трансплантация муваффақиятли ўтиши учун олиниши мўлжалланган органни кейинчалик нормал ишлашига тўсқинлик қилувчи ҳолатлар юзага келишидан олдин мурдадан олиш лозим бўлади.
Ана шундай ҳолатларни тартибга солиш ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш, фуқароларимизга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтириш ва ўта оғир беморларнинг тўлақонли ҳаётга қайтишига имкон яратиш мақсадида ушбу Қонун ишлаб чиқилди. Уни ишлаб чиқишда Германия, Польша, Россия, Беларусь, Украина, Молдова ва АҚШ каби давлатларнинг трансплантацияга тааллуқли қонунчилиги ўрганилди.
Ҳужжатга кўра, тирик донордан ёки инсон мурдасидан олинган инсон аъзолари ва (ёки) тўқималари трансплантация объектлари бўлиши мумкин, уларнинг рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган бўлди.
Ўзбек хирурглари бугун буйрак, жигар билан бирга юрак трансплантациясини йўлга қўйиш ҳақида ҳам бош қотирмоқда. Малакали тиббиёт мутахассисларимизнинг дадиллиги бизни, албатта, мамнун этади. Келгусида мазкур қонунга танаянган ҳолда бу амалиётни ҳам мустақил ўтказа олишимизга ишончимиз комил.
Рағбат олға қадам ташлаш учун куч бағишлайди
Давлатимиз раҳбарининг очиқ мулоқотда тиббиёт ходимларининг ойлик маошларини 1000 АҚШ доллари эквивалентига етказиш ҳақидаги сўзлари шифокорлар учун чинакам хушхабар бўлган эди. Албатта, соғлиқни сақлашдек улкан соҳани моддий таъминлаш давлат бюджетидан катта маблағ талаб қилади. Шунга қарамасдан, бу иш бўйича илк қадамлар ташланмоқда. “Тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони шундай қадамлардан бўлди, дея оламан. Унга асосан Давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича гуруҳларидан қатъи назар барча тиббиёт муассасаларида Тиббиёт муассасаларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси маблағларининг камида 75 фоизи ходимларни моддий рағбатлантиришга, кўпи билан 25 фоизи тиббиёт муассасасининг моддий-техника базасини ривожлантириш, модернизация қилиш ва таъмирлаш учун йўналтириладиган бўлди. Бу ҳужжат тиббиёт ходимларининг ўз устида янада кўпроқ ишлаши учун мотивация бўлиб хизмат қилади.
Умуман олганда, Президентимизнинг тиббиёт ходимлари билан бўлган очиқ мулоқоти барча соҳа вакилларини Ўзбекистоннинг янги тиббиётини барпо этишдек эзгу мақсад йўлида бирлаштирди.
Фурқат Санаев,
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати бошлиғи.
![]()
![]()
![]()
![]()