Medical Express - Xalqaro tibbiy ixtisoslashtirilgan ilmiy va amaliy multimedia jurnali va assotsiatsiyasi

Тиббиёт янгиликлари > Фарғонада 800 ўринли замонавий кўп тармоқли шифохона қуриш бўйича битим имзоланди

3 742 просмотров
Тиббиёт янгиликлари > Фарғонада 800 ўринли замонавий кўп тармоқли шифохона қуриш бўйича битим имзоланди

Фарғона вилоятида 800 ўринли замонавий кўп тармоқли шифохонани халқаро стандартларга мувофиқ лойиҳалаш, молиялаштириш, қуриш, жиҳозлаш ва узоқ муддатли техник хизмат кўрсатиш бўйича муҳим келишувга эришилди.

/uploads/news/photo_5404518264261518323_y.jpg

/uploads/news/photo_5404518264261518322_y.jpg

Уч томонлама тузилган ушбу битим Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров, “Vision International Investment Company” президенти ва бош ижрочи директори Омар Ал-Мидани, “КОС Сonstruction Mekanik Elektrik Fe LLC” компанияси бош директори Субутай Гюзел томонидан имзоланди. Шунга бағишлаб ўтказилган тадбирда Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси миссияси раҳбари ўринбосари Марион Эдел ҳам иштирок этди. Таъкидланганидек, мазкур давлат-хусусий шериклик лойиҳаси Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида 2024–2030 йилларда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан амалга оширилмоқда. У Марказий Осиёда ДХШ модели асосида амалга оширилаётган энг йирик соғлиқни сақлаш объектига айланиши кутиляпти.

Лойиҳанинг умумий инвестициявий қиймати қарийб 300 миллион АҚШ долларини, қурилиш муддати эса 36 ойни ташкил этади.

/uploads/news/photo_5404518264261518369_y.jpg

Янги тиббиёт мажмуаси Фарғона вилоятидаги бешта мавжуд ихтисослаштирилган муассасани ягона комплексга бирлаштиради. Минтақа ва унга туташ вилоятлар аҳолисига кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, органлар трансплантацияси, нефрология ҳамда ортопедия йўналишларида учинчи даражали юқори технологик тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятини яратади. Шунингдек, мажмуа таркибида 160 ўринли интенсив терапия ва шошилинч тиббий ёрдам бўлимлари ҳамда барча ёрдамчи клиник хизматлар бўлиши кўзда тутилган. Хусусий шерик — “Vision International Investment Company” (Саудия Арабистони) ва “КОС Construction Mekanik Elektrik Fe LLC” (Ўзбекистон) компанияларидан иборат консорциум — лойиҳанинг тўлиқ цикли учун масъул бўлади. Лойиҳа тузилмаси Халқаро молия корпорацияси (IFC, Жаҳон банки гуруҳи)нинг стратегик кўмагида ҳамда Германиянинг Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги (BMZ) молиявий қўллаб-қувватлаши билан ишлаб чиқилган. Шифохонанинг илғор диагностика ва даволаш инфратузилмаси билан жиҳозланиши ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириб, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилайди ва беморларнинг даволаниш учун бошқа хорижий давлатларга боришига ҳожат қолдирмайди. Янги лойиҳа давлат ва хусусий секторнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги муваффақиятли ҳамкорлигининг пилот намунаси сифатида эътироф этилмоқда.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати.

@ssvuz|@ssvmatbuotkotibi|Facebook | Instagram

Будьте в курсе

Подпишитесь на дайджест Medical Express - новости, конференции и новые выпуски журнала.