Medical Express - Xalqaro tibbiy ixtisoslashtirilgan ilmiy va amaliy multimedia jurnali va assotsiatsiyasi

Беморлар миннатдорчилик билдирадилар> КАСБГА САДОҚАТ > Шифокорлик сабрли, меёрли ва масъулиятли бўлишга ўргатади

1 713 просмотров
Беморлар миннатдорчилик билдирадилар> КАСБГА САДОҚАТ > Шифокорлик сабрли, меёрли ва масъулиятли бўлишга ўргатади

/uploads/news/45727458.jpg


Шифокор – касалликларни ташхислаш, даволаш ва олдини олиш, шунингдек, хаётни сақлаб қолиш билан шуғулланадиган тиббий маълумотга эга мутахассис. Бу улкан масъулият, чуқур билим ва доимий ўзини такомиллаштиришни талаб қиладиган касбдир. Шифокор ўзида юқори профессионаллик ва муҳим инсоний фазилатларни бирлаштиради. У профессионаллик ва малака, фундаментал тиббий билимларга эга, доимий равишда янги даволаш усуллари ва технологияларини ўрганади. У текширувларни аниқ хал қилишни, аниқ ташхис қўйишни билади. Шунингдек, ҳамдардлик ва раҳм-шафқатли – одамларни чин дилдан севади, раҳмдил бўлишни билади ва ҳар бир беморнинг қадр-қимматини ҳурмат қилади. Яхши шифокор нафақат касалликни, балки одамнинг қалбини ҳам даволаш кераклигини билади. Шифокор масъулият ва қатъиятли бўлиши ҳам керак. У танқидий вазиятларда тез ва совуққонлик билан қарор қабул қилишга қодир. Эътиборли ва кузатувчан бўлиб, энг кичик тафсилотларни пайқайди, беморнинг шикоятларини тинглайди, муҳим аломатларни ўтказиб юбормайди. Тиббий виждон ва ахлоқий меъёрларга амал қилиб, касбига садоқатни шакллантиради.

Шунча фазилатларни бир инсонда мужассамлаштириш мумкинми деб ўйларсиз. Мумкин, албатта. Шаҳзод Рустамов бунга намунадир. У – воҳа фарзанди, Қашқадарё вилоятининг Қарши шахрида тугилган. Шаҳзод Рустамов мактабни тугатгач, бир олам орзулар ортидан Россия Федерацияси Кубан Тиббиёт университетига ўқишга кирди. Фаолиятини 2022 йилда академик Й. Турақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказида бошлади. 2025 йилдан бошлаб Тошкент шаҳар кўптармогли клиник шифохонасининг терапия эндокринология бўлимида мудирлик лавозимида ўз ишини давом эттириб келяпти. ўз фаолияти давомида қанчадан-қанча тақдирлар измига гувоҳ бўлди, қанчадан-қанча беморлар дардини тинглади ва улар қалбига сўзи билан умид багишлади, билими билан танасига даво берди.

Шаҳзод Рустамов билан кўришиб, суҳбатлашганимизда, сизни ҳам, бизни ҳам қизиқтирадиган кўп саволларимизга жавоб олдик.

– Шаҳзод, бугунги тезкор ҳаёт тарзи инсон саломатлигига қанчалар таъсир кўрсатмоқда?
– Бугунги ҳаёт ритми инсон организмини доимий зўриқиш ҳолатида ушлаб турмоқда. Вақт танқислиги, стресс, нотўгри овқатланиш ва жисмоний ҳаракатсизлик кўплаб сурункали касалликларнинг ривожланишига замин яратмоқда. Энг ачинарлиси, инсон ўз саломатлигига вақт ажратишни кейинга суриб келмоқда. Кўпчилик касаллик йўқлигини саломатлик деб қабул қилади. Аслида эса саломатлик – бу касалликнинг йўқлиги эмас, балки жисмоний, руҳий ва ижтимоий фаровонлик ҳолати. Инсонлар кўпинча муаммо жиддийлашгандан кейингина шифокорга мурожаат қилади.

– Замонавий тиббиётда бугун сизни кўпроқ нима хавотирга солади?

– Сунъий интеллектнинг медицинага кириб келиши ҳаёт тарзини издан чиқараётганга ўхшайди. Тиббиёт ривожланмоқда, имкониятлар кенгаймоқда, бирон янгиликларнинг асоратлари маълум бўлиши учун кўп йиллик вақт керак бўлади. Интернет тармоғидаги тиббий маслаҳатлар инсонларга фойдадан кўра кўпроқ хавф олиб келяпти. Интернет – катта имконият, буни тан олиш керак. Аммо ундан нотўгри фойдаланилганда хавф манбаи бўлиши мумкин. Хар бир организм индивидуал бўлгани учун интернетдаги умумий тавсиялар профессионал тиббий кўрик ўрнини босмайди.

– Кундалик ҳаётда инсонларнинг саломатлик борасида қиладиган энг кўп хатолар нималардан иборат?
– Организм сигнал бераётган пайтда уни эътиборсиз қолдириш. Одамлар оғриқни, чарчоқни ёки бошқа белгиларни вақтинчалик ҳолат деб ўйлаб, мутахассисга мурожаат қилишни кечиктиришади. Доимий чарчоқ, уйқу бузилиши, тез жаҳл чиқиши, иштаҳанинг ўзгариши, вазннинг кескин ортиши ёки камайиши, нафас қисиши, юрак уришидаги ўзгаришлар ва иш қобилиятининг пасайиши эътиборсиз қолдирадиган ҳолатлар эмас.
– Стресс ва чарчоқнинг асоратлари қанчалар жиддий?
– Чунки стресс кундалик ҳаётнинг бир қисмига айланиб қолди. Аммо организм узоқ муддатли стрессни табиий ҳолат сифатида қабул қилолмайди. Натижада турли соматик ва руҳий касалликлар ривожланиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун эса соғлом турмуш тарзида яшаш лозим. Соғлом турмуш – табиий эхтиёж. Одамларнинг тафаккури, билим даражаси ошгани сари соғлом турмуш тарзидаги гўзалликни кўра бошлайди. Инсон соғлигини сақлашда энг муҳим омил – масъулият. Инсон ўз саломатлиги учун ўзи масъул эканини англаб етганида соғлом ҳаёт сари энг катта қадамни қўйган бўлади.

– Иш тажрибангиз ва ҳаётий кузатишларингиз асосида ёшлар орасида кўпаяётган қайси касалликларни таъкидлаган бўлардингиз?

– Сўнгги йилларда семизлик, артериал гипертензия, руҳий зўриқиш билан боғлиқ ҳолатлар, метаболик бузилишлар ва юрак-қон томир хавф омиллари ёшлар орасида ҳам кўпроқ учрамоқда. Бу ачинарли ҳолат. Рақамли технологиялар ёшларнинг уйқусини “ўғирлади”. Тунда ухламаслик одатий тарзда айланиб қолмоқда. Аслида, уйқу – организмнинг тикланиш даври. Инсон кундузи фаолиятда бўлади, тунда эса организм сарфланган қувват ўрнини тўлдиради. Етарли уйқу бўлмаганда иммун тизими заифлашади, диққат ва хотира пасаяди, юрак-қон томир ҳамда метаболик касалликлар хавфи ортади.

– Соғлом турмуш тарзида овқатланишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Сиз овқатланиш маданиятида нималарни ўзгартириш керак деб ўйлайсиз?

– Овқатланишни фақат қорин тўйдириш деб эмас, балки соғлиқни сақлаш омили сифатида қабул қилиш керак. Маҳсулот сифатида , миқдори ва овқатланиш тартибига кўпроқ эътибор қаратиш лозим. Овқатланиш билан бирга доим жисмоний фаоллик ҳам эслаб ўтилади. Олиш ва сарфлаш қоидаси шу ерда ишлайди. Овқатдан қувват оласиз, сўнг уни сарфлайсиз. Харакатсизлик замонавий даврнинг энг катта хавф омилларидан бири ҳисобланади. У юрак-қон томир касалликлари, семизлик, қандли диабет ва таянч-ҳаракат тизими муаммоларини келтириб чиқаради. Шунигдек, инсон организмида руҳий ҳолат ва жисмоний саломатлик ҳам бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Уларни бир-биридан ажратиб бўлмайди. Руҳий саломатлик бузилганда жисмоний ҳолат ҳам ёмонлашади. Жисмоний касаллик эса инсоннинг руҳий ҳолатига бевосита таъсир қилади.

– Шифокор сифатида қайси одатни инсонларга қатъий тавсия қилган бўлардингиз?

– Ўз соғлигига вақт ажратишни одат тусига айлантиришни маслаҳат берган бўлар эдим. Профилактик кўриклар, мунтазам ҳаракат ва сифатли дам олиш инсон ҳаётини сезиларли даражада яхшилайди.

– Баъзан беморларга дори эмас, суҳбат ва эътибор кўпроқ керак бўлади, тўғрими?

– Ха, албатта. Беморни тинглаш, унинг хавотирларини тушуниш ва руҳий қўллаб-қувватлаш кўпинча даволашнинг ажралмас қисмига айланади. Шифокор энг аввало тинглай билиши, ҳамфикр бўлиши, қайғуриши, ширин сўзи билан бемор дардига шифо беради. Шифокорлик мана шу жиҳати билан шарафли. Бу касб инсонни сабрли, масъулиятли ва меҳрибон бўлишга ўргатади. Шу билан бирга, катта фидойилик ва вақт талаб қилади.

– Доим инсонлар дарди билан яшаш руҳан оғир эмасми?

– Албатта, осон эмас. Ҳар бир беморнинг тақдири шифокор учун ҳам муҳим. Аммо инсонларга ёрдам бера олаётганингизни ҳис қилиш бу касбнинг энг катта кучидир. Касбим ҳақида йиллар ўтгани сари фикрларим кенгайиб бораверади. Саломатлик, вақт, оиланинг қадри ва инсоний муносабатларнинг аҳамиятини янада чуқурроқ англай бошлайман.

– Сизнингча, соғлом ва бахтли ҳаётнинг асосий сири нимада?

– Мувозанатда. Инсон меҳнат ва дам олиш, жисмоний ва руҳий эҳтиёжлар ўртасидаги мувозанатни сақлай олса, ҳаёт сифати ҳам юқори бўлади. Одамлар саломатлик борасида меъёрларни жуда кеч англаб етишади. Саломатликнинг ҳақиқий қадрини англаш ва сақлаш лозим. Аксарият инсонлар уни йўқотгандан кейингина унинг нақадар бебаµо неъмат эканини тушунади. Шу ўринда айтадиган гапларим бор: саломатликни эртанги кунга қолдирманг. Бугун қилган ҳар бир соғлом одатингиз келажакдаги ҳаёт сифатингизга хизмат қилади. Ўзингизни, яқинларингизни ва саломатлигингизни қадрланг. Чунки соғлом инсоннинг имкониятлари ҳам, орзулари ҳам чексиздир.

– Келажак тиббиётини қандай тасаввур қиласиз?

– Келажак тиббиёти касалликларни даволашдан кўра уларнинг олдини олишга кўпроқ қаратилган бўлади. Сунъий интеллект, генетик диагностика ва индивидуал ёндашув асосий йўналишларга айланади.

– Қизиқарли суҳбатингиз учун раҳмат. Шахсий ҳаётингиз ва фаолиятингизга ривож тилаймиз.

Шоҳида Шамсиева суҳбатлашди.

/uploads/news/photo_5319072561377254721_w.jpg

Будьте в курсе

Подпишитесь на дайджест Medical Express - новости, конференции и новые выпуски журнала.